2016-04-24 16:28:00

БАДИИЙ ГИМНАСТИКАЧИЛАРИМИЗНИНГ ҒАЛАБАСИ

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилаётган лицензион мусобақада мамлакатимиз спортчилари жамоавий баҳсда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, бадиий гимнастика бўйича жамоавий баҳсларда шу пайтга қадар мамлакатимиз спортчилари Олимпиада ўйинларига йўлланма олишмаган эди. Демак, терма жамоамиз аъзолари бу борада Ўзбекистон спорти тарихида янги саҳифани очдилар.

Жамоавий баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза Ғаниева, Зарина Қурбонова ҳамда Марта Растобурова ҳал қилувчи финал мусобақасида умумий ҳисобда 32.832 очко жамғариб, Германия терма жамоасидан кейин иккинчи ўринни банд этдилар ва “Рио-2016” Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритдилар.

Қувонарлиси, 17-22 апрель кунлари Рио-де-Жанейро шаҳрида спорт гимнастикаси, трамполин ва бадиий гимнастика бўйича бўлиб ўтган лицензион мусобақаларда жами 9 нафар спортчимиз XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олдилар.

Бугунги кунга қадар “Рио-2016” ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз сони 74 нафарга етди.

“Туркистон-пресс”