2016-04-29 17:41:00

ИЛМИЙ ҒОЯЛАР — ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА

Ҳар йили ўтказиб келинаётган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркаси илмий тадқиқот натижаларининг жорий этилишини рағбатлантириш, фан ва ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлашнинг асосий механизмларидан бирига айланиб қолди. 2008-2015 йилларда ўтказилган бу каби 8 та инновацион ярмаркаларда 3900 га яқин инновацион ғоя ва ишланмалар, технологиялар намойиш этилган ва умумий қиймати 128 миллиард сўмликдан зиёд бўлган 3581 та шартномалар имзоланган эди. Таҳлилларга қараганда, ушбу шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 номдаги умумий қиймати 1,8 триллион сўмдан ортиқ маҳаллий хомашёлар асосида янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

— Ярмарканинг бош мақсади ишлаб чиқариш билан олимлар ўртасидаги кооперацион алоқани таъминлашдан иборат, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари Одилхўжа Парпиев. — Шу кунгача тузилган шартномалар, улар доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи кичик корхоналар ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига, қолган қисми эса йирик корхоналар улушига тўғри келмоқда. Мисол учун, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан 12 миллиард сўмдан ортиқ 149 та шартнома, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан 8,5 миллиард сўмлик 95 та шартнома имзоланиб, жами 20 дан ортиқ технологиялар мамлакатимиз саноатига жорий этилди.

Тадбирда таъкидланишича, фермерларимизни экин майдонларининг тупроқ унумдорлигини оширувчи, чорва моллари ва ўсимликларда учрайдиган касалликларнинг олдини олувчи ва қишлоқ хўжалигида қўлланадиган янги ишланмалар қизиқтирмоқда. Тиббиёт соҳасида ҳам 100 дан ортиқ туғма юрак хасталиклари, юқумли, нафас олиш йўллари ва ўпка хасталикларини ташхислаш, даволаш, кексалар, фертиль ёшидаги оналар ҳамда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, реконструктив жарроҳликнинг янги усуллари амалий тиббиётга жорий қилинди. Фармацевтика йўналишида ҳам мақтаса арзигулик ишлар амалга оширилди. Хусусан, 16 номдаги янги дори воситалари олимларимизнинг изланишлари натижасида маҳаллий хомашёлар асосида ишлаб чиқарилмоқда.

Ҳар йили ушбу номда ташкил этиладиган ярмарканинг республика босқичидан олдин барча вилоятларда ҳудудий ярмаркалар ўтказилади. Уларнинг асосий самараси шундаки, юртимиз олимлари томонидан таклиф этилаётган инновацион лойиҳа ва ишланмалар ҳар бир вилоятнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, инновацион иқтисодиётнинг жадал ривожланишига ҳисса қўшади. Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган ҳудудий инновацион ярмаркаларда 14 миллиард сўмга яқин 615 та шартнома имзоланди. Мазкур ҳудудий ярмаркаларда вилоятларда фаолият юритаётган ёш олимлар ва талабалар ҳам ўзларининг инновацион ишланмалари билан иштирок этишди. Уларнинг энг саралари эксперт гуруҳлари томонидан танлаб олиниб, республика босқичига олиб чиқиладиган бўлди.

“Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркасининг республика босқичида бу йил иқтисодиётнинг муҳим эҳтиёжларини қондиришга қаратилган 5 та йўналишда инновацион ишланмалар намойиш этилади. Хусусан, саноат йўналишида 150 та, қишлоқ хўжалиги бўйича 121 та, ахборот технологиялари йўналиши бўйича 75 та, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика йўналишида 82 та, фан ва таълим йўналиши бўйича эса 21 та ишланмалар тақдим этилади.

Шунингдек, экотехнологиялар ва юқори технологиялар каби янги йўналишлар бўйича 80 та янги ишланмалар намойиш этилади. Бундан ташқари, ёш олимлар ва талабаларнинг 70 дан ортиқ инновацион ишланмалари тақдим этилади ва ушбу ишланмалар орасида ёшларнинг инновацион ғоялари 3-республика кўрик-танлови бўлиб ўтади. Унда ғолиб чиққанлар ҳомий ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланадилар.

Ушбу ярмарка доирасида II Тошкент халқаро инновация форуми ҳамда экотехнологиялар бўйича Ўзбекистон — Япония симпозиуми ҳам ўтказилади.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”