2016-05-03 18:35:00

ЁШЛАРГА ҚАРАТИЛГАН СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликнинг такомиллаштирилиши туфайли тадбиркорлик субъектларига кўплаб имтиёз ва преференциялар берилмокда. Уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий хизматлар кўрсатиш кўлами анча кенгайди.

Жумладан, якка тартибда тадбиркорлик (ЯТТ) фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадиида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан кейинги ойдан бошлаб тўлаши, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежда билим олишни тамомлаганларидан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилиши, бунда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб 12 ой ичида фаолияти тугатилса, қатъий белгиланган солиқ фаолияти амалга оширилган бутун давр учун тўланишининг белгилаб қўйилгани тадбиркорликни янгидан бошлаган ҳамда коллеж битирувчилари орасида тадбиркорликни амалга оширишларини йўлга қўйишда кенг имкониятлар яратиб беради.

— Мазкур имтиёзлардан Жиззах вилояти бўйича 2014-2015 йилларда коллежларни битирган 458 нафар ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашгани натижасида уларга 840,2 миллион сўмлик, 2015 йилда давлат рўйхатидан янгидан ўтган 2441 нафар якка тартибдаги тадбиркорларга 867,1 миллион сўмлик имтиёзлар қўлланди, — дейди Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси инспектори Фаррух Маҳмудов. — Ушбу кўрсаткич 2016 йилнинг I чорагида 897 нафар якка тартибдаги тадбиркорга 350,5 миллион сўмлик имтиёзлар қўлланганди.

Шунингдек, ҳунармандчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 2017 йилнинг 1 январигача тўлик озод этилгани улар фаолиятини ривожлантиришда кенг имкониятлар яратибгина қолмай, мазкур соҳада эркин ишлашга йўл очади. Бугунги кунда вилоятда давлат рўйхатидан ўтган 296 нафар ҳунармандларга давлат томонидан қатъий белгиланган солиқ бўйича 2015 йилда 324,2 миллион сўм ва 2016 йилнинг I чорагида 75,5 миллион сўмлик имтиёзлар берилди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”