2016-05-11 16:21:00

ТОШКЕНТДА БАДИИЙ ГИМНАСТИКА БЎЙИЧА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ЯКУНЛАНДИ

Пойтахтимиздаги Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Осиё чемпионати якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. 

Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика уюшмаси шафелиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур қитъа чемпионатида Осиёнинг етакчи спортчилари ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, уч кун давом этган мусобақаларда шахсий ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида предметлар ёрдамида машқ бажариш бўйича баҳслар ўтказилди. Гимнастикачи қизларнинг халқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариши, ижро маҳорати, мусиқа ва ритмни ҳис этиши, чаққон ва нафис ҳаракатлари мухлисларга завқ бағишлади.

Шахсий ҳисобдаги кўпкураш баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ҳамюртларимиздан Елизавета Назаренкова кумуш медални қўлга киритди. Тажрибали спортчимизнинг алоҳида предметларда бажарган машқлари ҳам ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. У булавада машқ бажаришда кумуш, тўпда ва ҳалқада машқ бажаришда бронза медалларни қўлга киритди.

Осиё чемпионатида, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Қозоғистон гимнастикачилари ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат.