2016-05-15 16:26:00

НАФОСАТ ВА ГЎЗАЛЛИК БАЙРАМИ

Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Сaravan” халқаро турнири бошланди.

Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби спортчи ва мураббийлар, ҳакамлар, мутахассислар ва спорт мухлислари билан гавжум. Бу ерда нафосат ва гўзаллик байрами —икки йирик спорт анжумани ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси томонидан Халқаро гимнастика федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур мусобақаларда Ўзбекистон, АҚШ, Беларусь, Жанубий Корея, Испания, Исроил, Малайзия, Польша, Россия, Хитой, Эстония, Япония, Қозоғистон, Арманистон каби давлатлардан гимнастикачилар ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қизларни спортга жалб этиш, уларга мос спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. Қиз болаларни спортга жалб этиш кўрсаткичи 2005 йилда 24 фоизни, жумладан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётир. Қизларни спортга қизиқтириш, улар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида аёл мураббиялар тайёрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соғлом она ва бола йилида бу борадаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилди. Зеро, бундан кўзланган асосий мақсад қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмонан ва маънан баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлашдир. Президентимиз таъкидлаганидек, қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият бахтли ва фаровон бўлади.

Бадиий гимнастика билан шуғулланувчи қизлар сони кейинги беш-олти йилда кескин ошгани қувонарлидир. Нафосат, назокат ва гўзаллик тимсоли бўлган ушбу спорт тури қизларнинг жисмонан соғлом, иродаси мустаҳкам, диди ва дунёқараши юксак инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Гимнастика федерацияси томонидан барча вилоятларда федерациялар фаолияти йўлга қўйилди, мунтазам ўтказиб келинаётган ҳудудий ва республика мусобақалари иқтидорли спортчиларни аниқлаш, мамлакатимизда гимнастикани янада оммалаштириш имконини бермоқда. Ана шундай мусобақаларда чиниққан спортчиларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Осиё ва Олимпия ўйинларида, нуфузли турнирларда муносиб иштирок этмоқда.

Халқаро гимнастика федерацияси мусобақалар тақвимидан жой олган Жаҳон кубоги босқичи пойтахтимизда еттинчи марта ўтказилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимизнинг юксак спорт салоҳияти, мустаҳкам моддий-техник база, яратилган шарт-шароитлар, тўпланган бой тажриба туфайли юртимизда ҳар қандай йирик спорт тадбири юқори савияда ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилади. Мазкур мусобақа жаҳон гимнастика осмонида янги юлдузларни кашф этиш баробарида, тажрибага эга спортчиларнинг маҳоратини оширишда катта мактаб вазифасини ўтамоқда. Бу йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ушбу мусобақа гимнастикачилар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.

Жаҳон кубоги босқичи доирасида ташкил этиладиган анъанавий “Happy Сaravan” халқаро турнири гимнастика оламига энди кириб келаётган ёш нафосат маликалари учун том маънода катта спорт байрамига айланади.

Ушбу мусобақаларда бу йил юздан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашмоқда. Жаҳон кубоги босқичининг шахсий баҳсларида Елизавета Назаренкова ва Анастасия Сердюкова, гуруҳ баҳсларида Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза Ғаниева, Зарина Қурбонова, Марта Ростобуровадан иборат жамоамиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. “Happy Сaravan” халқаро турнирида Асал Икромова, Аидэ Гасанова, Лола Зокирова, Милана Тян, Алексия Киселёва ва Нуринисо Усмонова каби ёш гимнастикачиларимиз иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев иштирок этди.

Байрам Айтмуродов,

ЎзА мухбири

Муҳаммад Амин (ЎзА) олган сурат.