2016-05-16 16:20:00

СОЛИҚ ТЎЛАШДАГИ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАР

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган республика видеосеминарида солиқ тўловчилар учун яратилган навбатдаги қулайликлар ҳақида янги маълумотлар берилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, республика Марказий банки, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг вакиллари, шунингдек, республика оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этишди. Бундан ташқари, вилоятлар марказларида ташкил этилган студиялар ёрдамида мамлакатимиз бўйича 800 дан ортиқ тадбиркорлар, маҳаллий ОАВ ходимлари ҳам қатнашдилар.

Йиғинда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан янги ишга туширилган “my.soliq.uz” порталининг имкониятлари, солиқ тўловчилар учун яратилган навбатдаги қулайликлардан кенг жамоатчиликни хабардор этиш асосий мақсад экани таъкидланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур электрон хизматлар Жанубий Корея, Япония, Франция, Бельгия, Россия каби давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, шунингдек, юртимиздаги солиқ тўловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари эътиборга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Бугунги кунда ДСҚнинг 31 та электрон хизматлари, жумладан, 18 та интерактив, 13 та ахборот хизматлари мазкур порталга жойлаштирилгани, бундан ташқари, 27 турдаги очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиш мумкинлиги тадбир давомида маълум қилинди. Янги порталда солиқларни мустақил ҳисоблаш, ҳисобот ва солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар ва 14 хилдаги маълумотномалар олиш мумкин. Янги портал ёрдамида корхонанинг ҳисоб рақамига қўйилган инкасса топшириқномалар рўйхати билан танишиш, солиқларни онлайн режимида тўлаш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарларидан тез хабардор бўлиш, фуқароларга ҳисобланган суғурта бадалларини кўриш каби 10 дан ортиқ янги имкониятлар яратилди. Бунинг учун солиқ тўловчи электрон рақамли имзо калити орқали “Шахсий кабинет”га кириб, солиқ турини танлаш ва тўлов суммасини кўрсатиб, “Тўлаш” деган тугмачани босиши кифоя. Шунда корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси банкка автоматик тарзда етказилади ва шу заҳотиёқ тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасида қайд этилади. Агар ҳисобрақамда етарлича маблағ бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда ДСҚга электрон хабарнома юборилади. Мазкур тўлов тизими 24 соат давомида ва бепул ишлаб туради.

“Шахсий кабинет” орқали амалга ошириладиган тўлов тизимининг яна бир муҳим томони — Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 59-моддасида акс этган солиқ тўловчиларнинг солиқларни тўлаш учун банкка ўз вақтида тўлов топшириқномаларини қўймагани учун корхоналарнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг ҳам олди олинади. Бугунги кунда ўз солиқларини “Шахсий кабинет” орқали тўлаш имкониятидан 110 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, 882 миллиард сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўз иш жойларидан узоқлашмай тўланди.

Жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб, яна бир янгилик жорий этилгани семинарда айтиб ўтилди. Унга кўра, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларни “Шахсий кабинет” орқали онлайн тарзда тўлаш имконияти яратилди. Эндиликда иш берувчи ўз ходимларининг аризасига асосан маҳаллий солиқларни битта тугмачани босиш орқали бюджетга ўтказиши мумкин. Бунда тўловлар ходимнинг шахсий карточкасига автоматик тарзда ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг ёзма реестрларини солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш ҳам мутлақо бепул. Ўтган қисқа муддат ичида ушбу янги тизимдан 553 та юридик ташкилот фойдаланиб, 3 мингдан ортиқ ходимларининг 290 миллион сўм ҳажмидаги ер ва мол-мулк солиқларини интернет орқали тўлови амалга оширилди.

Интерактив хизматлар ёрдамида 15 мингдан ортиқ жисмоний шахслар ўзлари мустақил ҳисоблаган 700 миллион сўмлик мол-мулк ҳамда ер объектлари солиқларини “Click”, “МВаnk” ҳамда “U-Pay” хизматларидан фойдаланиб, уйларидан чиқмаган ҳолда тўлашга муваффақ бўлишди. Эслатиб ўтиш жоизки, замонавий смартфон ва планшетларга мўлжалланган “Soliq” мобиль иловаси ёрдамида ДСҚнинг 15 турдаги интерактив хизматларидан тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.

Республика видеосеминарида жисмоий шахслар ҳамда тадбиркорлар томонидан берилган саволларга мутасадди ходимлар батафсил жавоблар қайтаришди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”