2013-06-28 14:15:00

БАЛИҚЧИЛИК ТАРМОҒИ ТОБОРА РИВОЖ ТОПМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Координаторлар лойиҳаси ваколатхонаси ва “Chinor” Экологик ноширлик компанияси Атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш бўйича энг яхши журналистик ишлар “Қоплон — 2013” танлови доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот марказининг Минтақавий балиқ кўпайтириш шўъба корхонасига медиа-тур ташкил этилди.

Иштирокчилар дастлаб шўъба корхонанинг турли балиқлар урчитилаётган ва олимлар томонидан ҳар томонлама ўрганилаётган бетон ҳовузчаларни кўришди. Африка лаққаси, дўнгпешона ва карп сингари балиқлар учун бу ерда барча шароитлар яратилган. Яна бир эътиборли жиҳат. Шу йилдан бошлаб махсус балиқ еми ҳам корхонанинг ўзида тайёрлашга киришилди.

— Ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. 2013 йилда балиқчиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастурида сунъий ҳавзаларида — 21,2 тонна, табиий сув ҳавзаларида — 14,1  тонна балиқ овлаб, жами балиқ етиштириш ҳажмини 35300 тоннага етказиш белгилаб олинди, — дейди республика балиқчиликни ривожлантириш илмий тадқиқот марказининг раҳбари Руҳилла Бурхонов. — Бу борада марказимиз олимлари томонидан хориж билан ҳамкорликда турли хилдаги  балиқлар устида тажриба ва илмий кузатишлар олиб борилмоқда. Олинган натижалар асосида китоблар ва қўлланмалар нашр этяпмиз. Балиқ наслини яхшилаш, увилдириқлар тайёрлаш, балиқларда учрайдиган турли касалликлар ва уларни даволаш масалалари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Бу ишлар Янги йўлдаги шўъба корхонасида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикада 1375 та (шундан 296 таси табиий ва 1079 таси сунъий сув ҳавзаларида) балиқчилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда, жорий йилда 448 балиқчилик хўжаликларини қайтадан ташкил этиш режалаштирилган.

Минтақавий балиқ кўпайтириш шўъба корхонасининг (248 гектар) асосий фаолияти илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, олинган натижалару илмий хулосаларни умумлаштирган ҳолда амалиётга тезкорлик билан жорий этиш ҳамда  республика фермер хўжаликларига майда балиқ чавоқларини етказиб беришдан иборат. 2012 йилда 120 та хўжалик шартномалари орқали республикамизнинг турли фермер хўжаликларига майда балиқ чавоқлари ва личинкалар етказиб берилди.

Шўъба корхона ҳовузлари ва инкубаторияларида ўтган йил 55 млн. дона  личинка етиштирилди.  1 йиллик балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш 4 миллион донани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 133,3 фоизни ташкил қилди. Жорий йилда эса 60 млн. дона чавоқлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Минтақавий балиқ шўъба корхонаси томонидан “Амур-Техно” ва “Вейса” инкубация аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга кўйилди. Ҳозирги вақтда 120 дона ана шундай аппарат турли балиқчилик ва фермер хўжаликларига сотилди. Бу иш карп ва ўтхўр балиқлар чавоқларини етиштириш ҳажмини ошириш имконини яратиб бермоқда.

Мазкур шўъба корхонасида 2003-2012 йиллар мобайнида 17 та илмий-тадқиқот ишлари ўтказилди, 132 та илмий мақола, 15 та илмий-публицистик мақола, 4 та монография чоп этилди ҳамда 17 та маъруза тақдим этилди, 21 та йўриқнома ва услубий тавсиялар тайёрланиб нашр қилинди.Шунингдек  фермерларни балиқчилик соҳаси бўйича ўқитиш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.

— Яна бир ташаббусни айтай, — деди Руҳилла Бурхонов шўъба корхона инкубаторияларини кўрсатар экан. — Давлатимизнинг катта эътибор туфайли тадбиркорлару мулкдор кишилар кўпайиб бормоқда. Улар фақат балиқ истеъмоли ҳақида эмас, каттагина аквариумларда балиқ боқиш, ундан завқланишни ҳам яхши кўришади. Биз бу масалага ҳам эътибор қаратганмиз. Токи балиқ ишқибози хориждан эмас, излаган балиқини биздан топсин.

Медиатур доирасидаги матбуот анжуманида балиқчилик жонкуярлари, етакчи олимлар соҳада йиғилиб қолган муаммолар тўғрисида ҳам сўз очдилар.

— Биз қишлоқ хўжалиги экинларидан чиқиб ариқ- зовурларга қуйилаётган сувнинг таркибини кўпдан бери ўрганиб келяпмиз, — дейди ЎзФА ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси генофонди институти катта илмий ходими Бахтиёр Комилов. — Собиқ иттифоқ даврида бу сувларда пестицид кўп бўлган, аммо бугун экология масаласига, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига давлатнинг ўзи катта эътибор қаратаётгани боис вазият тубдан ўзгарган. Биз назарда тутаётган сувларнинг таркиби меъёрлардан юқори эмас. Шу боис,  фикримизча, ариқ ва зовурлар сувидан балиқчиликни янада ривожлантириш мақсадида фойдаланиш жуда зарур. Бу ҳол табиий бойликларимиздан она табиатга зиён келтирмасдан янада самарали фойдаланиш имконини беради, деб ўйлаймиз.

Яна бир муҳим гап. Олимларнинг эътироф этишича, республикамиз бўйича, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча бараварга кўпайтириш миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилайди, ёш авлод ақлу заковатини ўн  чандон оширади. Қолаверса, бугун Ўзбекистон тамғаси босилган балиқ маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишини ҳам таъминлайди.

Дарҳақиқат, балиқ ва балиқ маҳсулотлари таркибида инсон организми учун зарур бўлган оқсил моддаси мавжуд. Тармоқ ривожи юртимиз аҳолисининг айнан оқсилга бўлган талабини қондириш билан бирга, озиқ-овқат таъминотига ижобий таъсир қилиб, турмуш фаровонлигини оширади.                                   

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”