2016-05-27 10:10:00

“УНИВЕРСИАДА — 2016”: ЁШЛИК, КАМОЛОТ ВА СПОРТ БАЙРАМИ

Олтин водийнинг сўлим шаҳри — Фарғона ҳар қачонгидан-да файзли, тароватли. Қуёш ботиши билан эсиб турган майин шабада дилга ҳузур бағишлайди. Шаҳардаги “Истиқлол” стадионида эса янада жўшқин ҳаёт қайнайди. Ёшу қари, шаҳар меҳмонлари, барча-барча шу томонга ошиқади. Бу ерда мамлакатимиз ҳаётидаги улкан воқеа – ёшлик, камолот ва спорт байрами – “Универсиада – 2016” ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Йигирма мингдан зиёд томошабин келган стадион узра “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг чорлов мусиқаси янграйди.

Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг терма жамоалари кириб келади.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев “Универсиада – 2016” спорт ўйинларини очиқ деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Давлатимиз байроғи кўтарилади. Байроғимиз билан ёнма-ён ҳилпираётган “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари байроғи уйғунликда барчага шавқ, куч-ғайрат, илҳом бағишлайди.

“Универсиада – 2016” спорт мусобақалари иштирокчилари Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишга, мустақиллигимизни асраб-авайлашга, бўлажак беллашувларда ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қиладилар.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Пировардида, кейинги йилларда спорт билан мунтазам шуғулланаётган йигит-қизларимиз сони кескин ортиб, улар Ватанимиз шарафини халқаро миқёсдаги нуфузли спорт мусобақаларида, Олимпиада ўйинларида юксакларга кўтариб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кейинги 10 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотлари бунёд этилиб, спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етди. Бу албаттадавлатимиз томонидан болалар спортига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.

Бу саъй-ҳаракатлар болажон халқимизни янада руҳлантиради, куч-ғайрат бахш этади, ишончини мустаҳкамлайди. Шу боис, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, уни умумхалқ ҳаракатига айлантириш борасида амалга оширилаётган изчил сиёсат аҳолимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Бугун биз — барчамиз спортни сиҳат-саломатлик, соғлом турмуш тарзи, жисмоний ва маънавий баркамоллик манбаи деб биламиз.

Фарзандларимизни ёшлигидан спортга ошно этиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида изчил ишлар йўлга қўйилган. Спортни оммалаштириш, унинг таъсирчанлигини янада ошириш учун “Олимпиада умидлари”, “Қувноқ стартлар”, “Соғломжон – полвонжон”, “Камолот маликаси”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Футболимиз келажаги” каби бир қатор спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Истиқлол йиллари мамлакатимизда қизларни спортга жалб этишга ҳам катта аҳамият қаратилди. Пировардида, кейинги йилларда спорт билан шуғулланаётган қизлар сони кескин ортиб, улар тўққиз юз минг нафарни ташкил этмоқда.

Гап қизлар спорти ҳақида кетар экан, Юртбошимизнинг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг 2011 йил 25 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида юртимизда қизларни спортга кенг жалб этиш жараёни ҳақидаги фикрларини эслаш ўринлидир: “Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, спорт билан шуғулланган қиз бола эртага она бўлади, соғлом зурриёдни дунёга келтиради. Айни пайтда ўз фарзандига спортга меҳр туйғусини сингдиради”. Дарҳақиқат, спорт, аввало, мустаҳкам соғлиқ, жисмоний камолотга эришув омилидир. Хотин-қизларнинг саломатлиги эса оиланинг, ҳеч шубҳасиз, жамиятнинг саломатлиги ҳамдир.

Мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор туфайли сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда. Ўғил болалар бўйи ўртача 3 сантимертга, қиз болаларники эса 2,9 сантиметрга ўсди. Бу ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келишини англатади.

Юртбошимиз ташаббуси билан изчил ўтказилаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари Ватанимиз байроғини баланд кўтарадиган, юрт шаъни, халқ ғурури учун курашадиган кўплаб иқтидорли спортчиларни кашф этмоқда. “Кичик Олимпиада” номини олган мазкур тизим бугун том маънода Ўзбекистон ёшларига олам-олам унутилмас лаҳзаларни улашадиган, уларни ҳар жиҳатдан тоблайдиган, олий мақсадлар сари дадил чорлайдиган спорт байрамига айланди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётган “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари барча иштирокчиларга зўр қувонч, кўтаринки руҳ бағишламоқда.

Мазкур мусобақаларнинг саралаш босқичларида 165 мингдан зиёд талаба-спортчилар иштирок этди. Уларорасидан фақат 900 нафар қатнашчига бундай юксак бахт насиб этгани бу беллашувларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганидан далолатдир.

Бу йилги Универсиада мусобақаларида олимпия ўйинлари дастурига киритилган бокс, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо, оғир атлетика каби бешта спорт тури бўйича беллашувлар бўлиб ўтишиҳам беллашувларнинг янада қизиқарли бўлишини ва нуфузини оширади.

Стадионга “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг машъаласини кўтарган ёш спортчилар – йигит ва қиз кириб келади. 

“Универсиада – 2016” спорт ўйинлари машъаласини бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори, Олимпиада йўлланмаси соҳиби Бектемир Мелиқўзиев ва теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ҳамда 2014 йил Наманганда ўтган “Баркамол авлод” ўйинлари совриндори, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Саидхўжаева ёқди.

Томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари, гулдурос олқишлари билан кутиб олинган ушбу аланга ёшларимизнинг қайноқ қалби, ёниқ орзу-интилишлари рамзи сифатида олий таълим муассасалари талабаларининг “Универсиада – 2016” мусобақалари давомида порлаб туради.

Майдонга мусиқа садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, болалар ижодий жамоалари, таниқли эстрада хонандалари кириб келади. Улар ижро этган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади. Мамлакатимизнинг истеъдодли ёш авлоди вакиллари ёрқин театрлаштирилган томоша намойиш этади.

Спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.

“Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

"Туркистон-пресс" олган суратлар