2016-05-29 15:49:00

БАРКАМОЛ АВЛОДНИНГ ЁШЛИК ВА ШИЖОАТ БАЙРАМИ

Ўзбекистон спорти тарихига яна бир ёрқин саҳифа муҳрланди. Фарғона шаҳрида уч кун давом этган республикамиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Универсиада — 2016” спорт мусобақалари якунига етди.

28 май. Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадиони яна байрам шукуҳида. Бу ерга меҳмонлар, диллари қувончу фахрга тўла, шижоатли ва баркамол ёшлар, фарғоналиклар “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари ғолибларива қатнашчиларини қутлаш учун ташриф буюрган.

“Истиқлол” стадиони спорт мусобақалари қатнашчилари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар билан тўла.

Стадионда чорлов мусиқаси янграйди.

Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жамоалари кириб келади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимиз ёшларини ҳали болалигиданоқ спортга ошно этиш, шу орқали соғлом, иродали, ватанпарвар баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида ташкил этилган уч босқичли спорт ўйинлари ўз самарасини бермоқда.

Бу мусобақаларда қатнашган йигит-қизлар Осиё, жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя этишмоқда.

Ҳар сафар ёшларимиз учун бундай спорт мусобақалари катта байрамга айланиб кетади. Мазкур уч босқичли спорт мусобақаларида иштирок этиш ёш спортчиларимиз учун ҳам юксак фахрга айланиб бормоқда.

Фарғонада ўтган “Универсиада — 2016” спорт ўйинларига ҳам катта ҳозирлик кўрилганлиги яққол сезилди. Шаҳарда кўплаб спорт иншоотлари янгидан қурилди, мавжудлари қайта реконструкция қилинди. Кўчалар ва бинолар таъмирланди, кенг миқёсда ободонлик ишлари олиб борилди.

Айниқса, мусобақалар ўтаётган спорт мажмуаларида мавжуд шароитлар, энг замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлангани эътиборга моликдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригида бугунги тез суръатлар, шиддат билан ўзгариб бораётган замон, халқаро майдонда тобора кескин тус олаётган рақобат кўпчилик мамлакатлар қаторида биздан, авваламбор, белини маҳкам боғлаб, катта ният ва ишонч билан ҳаётга кираётган сиз, навқирон ёшларимиздан янгича фикрлашни, энг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашни, Ватанимизнинг тақдири ва эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммангизга олишга қодир бўлишни талаб этмоқда.

Бундай юксак мақсадларга етиш учун ҳар қайси йигит-қиз ўз устида тинимсиз ишлаши, иродасини чиниқтириши, бу йўлдаги қийинчиликлар олдида бўш келмай, ғалабага эришиш учун ўзини аямасдан, ҳал қилувчи дақиқаларда бутун борлиғини сафарбар этишга тайёр бўлиши даркор.

Айтиш жоизки, “Универсиада — 2016” спорт мусобақаларига иштирокчиларнинг барчаси катта тайёргарлик билан келишгани кескин ўтган баҳслар якунида маълум бўлди. Мусобақалар ўта кўтаринки руҳда якунланди. Мазкур мусобақаларда қўлга киритилган натижалар, орттирилган тажриба спортчиларимизнинг навбатдаги муваффақиятлари гарови бўлади.

Олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада — 2016” ўйинларининг ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.

“Универсиада — 2016” мусобақаларида кўплаб спорт турлари бўйича етакчилик қилиб, рақиб жамоаларга нисбатан энг кўп медаль жамғарган Тошкент шаҳри жамоасига Юртбошимизнинг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригининг асл нусхаси ҳамда Президент совғаси — “Damas” автомашинаси топширилди.

Муросасиз курашларда ўз маҳорати ва иродасини намойиш этиб, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Фарғона ҳамда Самарқанд вилоятлари жамоаларига ҳам Президент совғаси — “Damas” автомашиналари туҳфа этилди.

“Универсиада” спорт ўйинлари давомида “Истиқлол” стадионида ловуллаб турган мусобақа машъаласи ёғдуси қалбларга кўчди.

Шундан сўнг майдонда таниқли хонандалар, рақс гуруҳлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган истеъдодлар иштирокидаги катта концерт дастури намойиш этилди.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

"Туркистон-пресс" олган суратлар