2013-07-01 19:19:00

ЮРТИМИЗНИНГ ЕТТИ МЎЪЖИЗАСИ — БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Республика болалар кутубхонасида “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” шиори остидаги республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати  Марказий Кенгаши вакиллари, ҳамкорлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тарихдан маълумки, қадимда мисрликлар томонидан Ўрта Ер денгизи мамлакатларида бунёд этилган ва ўз салобати, гўзаллиги билан ўша замон одамларини ҳайратга солган Миср эҳромлари, Бобил осма боғлари, Маъбуда Артемида ибодатхонаси, Олимп худоси Зевс ҳайкали, Қуёш худоси Гелиос ҳайкали, Искандария маёғи, Галикарнас мақбарасини каби еттита иншоот бунёд этилган. Бу маданий ёдгорликларни одамлар “Дунёнинг етти мўъжизаси” деб аташади. Юртимизда ҳам мўъжизакор тарихий қадамжолар, ўз салобати ва гўзаллиги билан одамларни ҳайратга соладиган иншоотлар ҳамда табиий масканлар, шунингдек, бундай бунёдкорлик ишларига бошчилик қилган шахслар кўпчиликни ташкил этади.

Хусусан, мамлакатимиздаги “Регистон” мажмуаси, “Гўри Амир” мақбараси ва бошқа обидалар Самарқанд шаҳрини Ер юзининг сайқалига қиёсласа, “Ичонқаъла” очиқ осмон остидаги музей номи билан бутун дунёга машҳурдир. Шунингдек, буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодлари томонидан бунёд этилган “Тожмаҳал”, Амир Темур томонидан яратилган “Оқсарой” ҳам ўз гўзаллиги ва мукаммаллиги билан дунёдаги ҳеч бир маданий ёдгорликдан кам эмас.

Халқ таълими вазирлиги ва “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” шиори остида болалар ўртасида ижодий ишлар танловини ўтказиб келади. Бу танлов мамлакатимизнинг кўп минг йиллик тарихий қадамжолари, аждодларимиз қолдирган бетакрор асори-атиқалар, асрлар давомида дунёга машҳур бўлган буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фан ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, бугунги кундаги бунёдкорлик ишларининг кенг кўлами ҳамда моҳиятини ёш авлодга тушунтириш, уларни ўлкамизнинг мўъжизакор ва диққатга сазовор жойлари билан таништириш мақсадида ташкил қилинган.

Мазкур кўрик-танлов умумтаълим мактабларининг 5-9-синф ўқувчилари ва “Баркамол авлод” марказларининг (5-9-синф ёшдаги) тўгарак аъзолари ўртасида ташкил этилади. Бу йил танловнинг қуйи босқичларида 2500 нафардан зиёд умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва “Баркомол авлод” болалар марказларининг 2000 нафарга яқин тўгарак аъзолари иштирок этишди. Жорий йил кўрик-танловнинг Республика босқичига 11 та ҳудуддан 96 та ижодий ишлар қабул қилинди. Ўқувчиларнинг ижодий ишларида юртимиздаги ўз салобати ва гўзаллиги билан одамларни ҳайратга соладиган иншоотлар ва табиий масканлар тарихини ўрганишга бўлган қизиқиш яққол намоён бўлди.

Танловнинг яна бир ютуғи шундаки, у ўқувчиларни ўз юрти тарихини ўрганишда, юртимиздаги мўъжизакор қадамжолардан фахрланиш туйғуларини шакллантиришда ва уларни асраб-авайлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.Танлов якунларига кўра, иншо, фотоальбом, видео лавҳа ҳамда расм йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга ҳомийлар томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”