2016-06-14 16:32:00

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДА АКТНИНГ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ — ЗАМОН ТАЛАБИ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимига ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилиши — ишларни кўришнинг сифат ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда таъкидлаганидек, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ва босқичма-босқич ислоҳотларнинг замирида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратишдек эзгу мақсад мужассам.

Шу маънода судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши соҳадаги янгиланишларнинг узвий давоми ҳисобланади. Қайд этилдики, бу борадаги кенг кўламли ишлар давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрда қа­бул қилинган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чо­ра-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур асосида судлар фаолиятида компьютерлаштириш даражаси ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судларда ахборот тизимлари ва ресурс­ларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича, шунингдек, умумий юрисдикция судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг концептуал йўналишлари ва мақсадли кўр­саткичлари белгилаб олинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси умумий юрис­дикция судларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қи­лиш концепцияси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судиАхборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий судиАхборот хизматидан маълум қилишларича, ўтган даврда мазкур концепция асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда қуйи судларда маҳаллий ҳисоблаш тармоқларини ташкил этиш ва уларни корпоратив тармоққа бирлаштириш борасида зарур техник ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Қоғозсиз ва автоматлаштирилган иш жараёнларига босқичма-босқич ўтиш йўли билан суд ишларини юритишнинг тезкорлигини таъминлаш чоралари кў­рилди. Бу борада фуқаролар учун маълумотлар алмашишнинг электрон воситалари орқали даъво, илтимоснома ва уларга илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда судга мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Бу эса, жумладан, интерфаол суд хизматини йўл­га қўйиш ҳамда ортиқча сансалорликларни камайтириш имконини беради.

Юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Ҳалқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси фаолияти доирасида яратилган e-sud миллий электрон судлов тизимининг суд буйруғини чиқариш бўйича қисми бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота, Юқори Чирчиқ, Бекобод туманлараро судлари, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманлараро судларида самарали фаолият юритмоқда.

2015 йил 9 июнда қабул қилинган “Ўз­бекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек,айрим қо­нун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғ­рисида”ги қонунига асосан амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 39 та моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва жорий йилнинг 1 январдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш тартиби белгиланди. Натижада фуқаролар томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, судлар эса, чақирув қоғозлари, қарор нусхалари ва бош­қа суд ҳужжатларини электрон шаклда юбориш имкониятига эга бўлди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига 2014-2015 йиллар давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан e-sud тизими орқали қарийб 70 мингта электрон тарздаги мурожаатлар келиб тушган.

Бу мурожаатларнинг умумий қиймати 16 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 31 мингдан зиёд даволар қаноатлантирилди. Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманлараро судларига эса жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тизим орқали жўнатилган 7 минг 300 дан зиёд электрон тарздаги мурожаатларнинг 4 минг 500 дан зиёди қаноатлантирилган.

E-SUD миллий электрон ахборот судлов тизимини судлар фаолиятига янада жадал суръатларда жорий этиш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсатининг 2016 йил 28 январдаги “Фуқаролик ишлари бў­йича Республика судларида электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда берилган мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят судларида “E-sud” миллий электрон судлов ахборот тизимидан фойдаланишни йўлга қўйиш тўғ­рисида”ги қарори қабул қи­лин­ди.

Матбуот анжуманида алоҳида таъкидланганидек, ушбу тизим (www.esud.uz) жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилиш жараёнини тезлаштириш ва судларда ишларни кўриш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг изчил жорий қилиниши, ҳеч шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

“Туркистон-пресс”