2016-06-24 15:25:00

СПОРТ МАЛИКАЛАРИ ТАНЛОВИ

Наманганда бадиий гимнастика бўйича “Олимпия умидлари” республика очиқ турнири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб ташкил этилган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 160 нафарга яқин ёш спортчи иштирок этди.

Мусобақанинг тантанали очилиши маросимида  Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда хотин-қизлар, хусусан она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, шу жумладан бу борада спорт ва соғлом турмуш тарзи тамойилларидан самарали фойдаланиш, ўсиб келаётган қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Айниқса, кейинги йилларда ота-оналар ўртасида ўз қизларининг спортнинг нафис ва гўзал тури – бадиий гимнастика билан шуғулланишини хоҳловчилар тобора кўпайиб бормоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова. – 2005 йилда бадиий гимнастика билан шуғулланувчи ёшлар сони минг нафарга ҳам етмаган бўлса, бугунга келиб вилоятимизда олти минг нафардан зиёд қизлар спортнинг бу нафис тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бунда болалар спортни ривожлантириш дастури доирасида, айниқса қишлоқларда ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани муҳим омил  бўлиб хизмат қилмоқда.

Турнирнинг спорт усталигига номзод қизлар ўртасидаги гуруҳ чиқишларида Бухоро вилоятининг “Нафис” жамоаси энг юқори натижани кўрсатди. Самарқандлик қизлар иккинчи ва Наманган вилояти терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Енг жажжи қатнашчилар ўртасидаги жамоавий машқларда Тошкент шаҳри вакиллари ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасини эгаллади. Қашқадарёлик кичкинтойлар иккинчи ўринни банд этишган бўлса, наманганлик спортчилар учинчи ўринга сазовор бўлди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”