2016-07-04 18:10:00

ПОЙТАХТ ОБОДЛИГИ — ЮРТИМИЗ КЎЗГУСИ

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда ички ишлар бош бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда мустақиллигимизнинг 25 йиллигига кўрилаётган улкан тайёргарлик ишлари, бу жараёнда пойтахтимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ободонлик ва фаровонлик ишлари ҳақида атрофлича тўхталинди.

Тадбирда таъкидланишича, энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш мақсадида пойтахт бўйлаб 50 ободлик куни эълон қилинган. Унда 25 та кўчани ободонлаштириш, 25 та болалар ўйингоҳини бунёд этиш бўйича бошлаб юборилган эзгу ишлар шаҳар аҳолисига муносиб байрам туҳфаси бўлади.

Шунингдек, брифингда айни кунларда пойтахтимизнинг бир қатор кўчаларида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, йўл ўтказгичлар қурилаётгани муносабати билан транспорт воситалари ҳаракатида ноқулайликлар кузатилаётгани, бунда албатта, ҳайдовчилардан ўзаро самимий муносабатда бўлишлари тавсия қилиниши таъкидланиб, шаҳарнинг Тараққиёт кўчаси билан халқа йўли кесишувида қурилаётган йўл ўтказгич айни кунда вақтинча ёпилгани, у тахминан икки ҳафтада яна транспорт ҳаракатига хизмат қилиши маълум қилинди.

Брифингда журналистлар Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан қабул қилинган мурожаатнома билан таништирилди. Унда ҳар бир юртдошимиз биз учун ғоят ардоқли бўлган мустақиллик байрамини катта хурсандчилик билан кутиб олиш ва нишонлаш, бу қутлуғ санага тайёргарлик кўриш жараёнига ўз ҳиссасини қўшиш билан боғлиқ жиҳатлар ўз аксини топган.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”