2016-07-08 12:17:00

НЕМИС АКАДЕМИЯСИ РАҲБАРЛАРИ ТОШКЕНТГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Кеча Германиянинг “Jugend Fussball Leistungszentrum” академияси расмийлари пойтахтимизга ташриф буюришди. Бу ҳақда “championat.asia” сайти хабар бермоқда.

Мазкур академия вакиллари Ўзбекистонда болалар футболи билан яқиндан танишишни мақсад қилишган. Делегация икки кишидан иборат: академия раҳбари Эльфи Ферншильд хоним ва катта мураббий Саша Ротер.

Берлин тоғ ён бағирларида жойлашган академия Ўзбекистонга “Shosh contact travel” сайёҳлик фирмасининг ташаббуси билан ташриф буюрди. “Shosh contact travel” ва “championat.asia” сайти билан ҳамкорликда академия ўзбекистонлик болалар учун ҳам ўз дастурини тақдим этиши режалаштирган.

Бугун меҳмонлар “Бунёдкор” академиясига ташриф буюрадилар. Сафар давомида улар Самарқанддаги тарихий ёдгорликларни томоша қилишлари кўзда тутилган. Ундан ташқари, Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам ҳамкорлик масалалари бўйича иш олиб борилади.

“Туркистон-пресс”