2016-07-14 14:30:00

БАРҲАЁТ АНЪАНАЛАР

Ғаллаорол туманидаги “Маржон” маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Анъаналар этади давом” мавзусида фольклор жамоалар фестивали ўтказилди.

Мазкур фестивалдан кўзланган мақсад вилоятда халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик, фольклор санъатини ривожлантириш, номоддий маданий-мерос дурдоналари билан халқимизни, айниқса, ёш авлодни яқиндан таништириш ҳамда уларнинг қалбида бой маданий меросимиз, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат ҳиссини шакллантиришдан иборат.

Фестивалда спортнинг кураш, каратэ, таэквандо, бокс, гимнастика турлари бўйича кўргазмали чиқишлар ҳамда халқ ҳунармандчилиги намуналаридан кўргазмалар, туман тарихига оид маълумотлар жамланган мўъжаз музей иштирокчиларга намойиш этилди.

Тадбир доирасида Ғаллаорол туманидаги “Гаштак”, Зомин туманининг “Зомин сайқали” ва бошқа бир қанча фольклор-этнографик халқ ансамбллари ўзларининг ҳудудларига хос урф-одат ва анъаналар асосида томоша дастурлари билан иштирок этди.

“Туркистон-пресс”