2016-07-15 16:37:00

ЎЗБЕКИСТОН—КОРЕЯ: ФОЙДАЛИ ВА ЎЗАРО МАНФААТЛИ УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Корея Ахборот технологиялари саноатини ривожлантириш бўйича Миллий агентлиги (NIPA) президенти Юн Жонг Лок билан учрашув бўлиб ўтди.

NIPA делегацияси пойтахтимизда бўлиб ўтаётган очиқ ва эркин дастурий таъминот маҳсулотларига бағишланган Ўзбек-Корея форуми муносабати билан юртимизга ташриф буюрган.

Учрашув давомида очиқ ва эркин дастурий таъминот маҳсулотлари саноатини ривожлантиришнинг халқаро тенденциялари, унинг жамият ривожидаги аҳамияти муҳокама қилинди. Жумладан, очиқ дастурлардан электрон ҳукумат тизими ҳамда таълим жараёнида фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари қайд этилиб, томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, меҳмон Ўзбекистонда ахборотлаштириш, “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш, жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилишига оид маълумотлар билан таништирилди.

NIPA Миллий агентлигига 1998 йилда асос солинган бўлиб, муассаса давлат ташкилоти ҳисобланади. Ушбу давлат органи Корея Республикасида дастурий таъминот маҳсулотлари саноати ҳамда ахборот технологиялари соҳаси ривожланиши учун масъул ҳисобланади.

“Туркистон-пресс”