2013-07-07 17:05:00

БАНКЛАР ТАДБИРКОРГА МАДАДКОР

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қашқадарё вилоят бошқармаси ташаббуси билан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “BankExpo — 2013” миллий кўргазмаси ўтказилди.

Президентимизнинг “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устивор йўналишлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур кўргазмада вилоятдаги барча тижорат банклари, етакчи суғурта компаниялари ўз хизматлари ҳақида  маълумотлар берилган стендлар билан иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда кичик бизнесни, хусусан, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда банк тизими билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга кўйган вилоят божхона ва  давлат солиқ бошқармалари, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Ушбу йирик анжуманни ўтказишдан мақсад — банк-молия тизими ютуқлари ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини кенг оммага етказиш, янги технология ва хизматлар билан яқиндан таништиришдан иборат.  Шунингдек, “Обод турмуш” йили Давлат дастурига асосан кичик тадбиркорлик субъектлари, ёш оилалар,оилавий бизнес, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган  таълим муассасалари битирувчилари, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича маълумот ва маслаҳатлар беришга қаратилган ишларни қўллаб-қувватлаш қаратилган.  Шу ўринда рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоят тижорат банклари томонидан биргина кичик бизнес ва  хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 5 йил давомида 820,9 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида эса  бу кўрсаткич 149,4 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққослаганда 133 фоиз ўсишга эришилган.

Таъкидлаш лозимки, ўтган 5 йилда вилоят тижорат банклари томонидан тадбиркор аёлларни  молиявий қўллаб-қувватлашга 68,6 миллиард сўмдан зиёд, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 70,6 миллиард сўмдан ортиқ, маҳаллий озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришга 113,4 милиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-ғояларини молиялаштириш бўйича эса бу кўрсаткич 4,8 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этади.Яна шу йўналишнинг давоми сифатида йил якунига қадар 3 миллиард сўмдан ортиқроқ кредит маблағи ажратилиши режалаштирилмоқда. Натижада ўтган йилда 31 мингдан ошиқроқ янги иш ўринлари яратилди.

Кўргазма доирасида тижорат банклари томонидан  чекка ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, эндигина иш бошлаётган ёш тадбиркорларнинг мазкур ҳудуддаги аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалари бўйича ўтказилган танловлар ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи 63 та сертификат топширилди.

Фарҳод НОРҚУЛОВ,

“Туркистон-пресс”