2016-07-25 16:34:00

БИЗ — СПОРТЧИЛАР ОИЛАСИМИЗ!

Самарқанд шаҳрида “Отам, онам ва мен — спортчи оила” номли мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда турнирнинг туман, шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 16 оилавий жамоа вакиллари тўсиқлар оша югуриш, чаққонлик ва мерганлик, арқон тортиш, моҳир ҳужумчи каби шартлар бўйича беллашди. 

Тайлоқ туманидаги Равот маҳалласидан Назаровлар оиласи ҳамма шартларни аъло даражада бажариб, барча рақибларидан кучли эканликларини намойиш этишди. Иккинчи ўринни Нарпай тумани Дўстлик маҳалласидан Рашидовлар оиласи банд қилган бўлса, учинчи ўринга Пахтачи туманидаги Худойберди маҳалласидан Очиловлар оилавий жамоаси муносиб кўрилди.

— Оила аъзоларимизнинг барчаси спорт билан шуғулланади, —дейди мусобақа ғолиби М.Назаров. —Ўғлим Нурбек таэквандо тўгарагига боради. Қизим Дилноза эса бадиий гимнастика билан шуғулланяпти. Бу каби мусобақаларнинг ташкил этилиши фарзандларимизнинг спортга қизиқишини оширишда муҳим ўрин  тутади.

“Туркистон-пресс”