2016-07-28 16:56:00

ЖИЗЗАХДА “МУМТОЗ НАВОЛАР” РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТАДИ

Жорий йилнинг 29 июлькуни Жиззах вилоятдаЎзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаев ижодига бағишланган Мумтоз наволар” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтади.

Ҳофизлик санъатини, бой миллий меросимизни кенг тарғиб этишга бағишланган кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика илмий-методика маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаев миллий мумтоз мусиқа санъатининг йирик вакилларидан бири, хонанда ва бастакор, ёқимли, диапазони кенг ва кучли овоз соҳиби, устоз санъаткорлар Жўрахон Султонов ва  Маъмуржон Узоқов анъаналарининг давомчиси ҳисобланиб, уларнинг репертуарларида ашула, катта ашула, мақом йўллари ҳамда ўзбек мумтоз ва замонавий шоирлар ғазалларига ўзлари басталаган қўшиқлари ўрин олган.

Эсон Лутфуллаевнинг “Кўзига сурма қилди”, “Юраги тоза бўлсин”, “Зор этма”, “Дастингдан”, “Ноз уйқуси”, “Афсона деб” каби 100дан ортиқ ашулалари ўзбек қўшиқчилик санъатининг гултожиси сифатида олтин фондан жой олган.

Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад миллий мумтоз мусиқа санъатининг йирик вакили — Ўзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаевнинг ўзига хос ижро ва ижодий услуби, хонандалик ва созандаликнинг беқиёс ижодий салоҳиятига эҳтиром кўрсатиш, мумтоз санъаткорларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, келажагимиз бўлмиш ёшларни баркамол авлод сифатида тарбиялаш, айни шу йўналишларда ижод қилаётган истеъдодли ёшларни аниқлаш, янги овозларни кашф этиш, қўллаб-қувватлаш ва катта саҳналарда ўз овоз имкониятларини намойиш этишларига ёрдам беришдан иборат.

“Туркистон-пресс”