2016-08-01 18:38:00

“ОРЗУ”ДА ОРЗУЛАР УШАЛМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида намунавий лойиҳа асосида “Шишаки” маҳалласида 60 та, “Қурама”да 20 та, “Ўрта Ровустон”да 120 та “Ирвадон”да 20 та, “Орзу” даҳасида 460 та шундай уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўз навбатида, 30 га яқин маҳалла гузари бунёд этилди.

— Бир вақтлар қиру адирлардан иборат майдонда бугун замонавий уй-жойлар қад ростлаган, — дейди “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Абдулазиз Дадабоев. — Бунёдкорликнинг энг сўнгги ютуқларию миллий урф-одат ва анъаналаримиз уйғун ҳолда қурилган бу хонадонларга кирар экансиз, одамларнинг кайфияти, дунёқараши ҳам шунга яраша эканига ишонч ҳосил қиласиз. Намунали уйда, албатта, намунали оилалар яшаётганига ҳавасингиз келади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳалла манзараси кейинги йилларда тубдан ўзгариб бормоқда. Янги қиёфа, янгича кўриниш, кун сайин юз бераётган ўзгаришлар “Орзу” маҳалласига ҳам хос бўлиб қолди. Ҳозир ҳудудда 15 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Йўллар кенг ва равон. Ёш тадбиркорлардан Исломбек Қутбиддинов кўркам бинода тикувчилик цехини очиб, маҳалланинг 60 нафардан ортиқ қиз-жувонини иш билан таъминлади. Ўнлаб савдо дўконлари, “Иссиқ нон” цехи, сунъий қопламали стадион, музқаймоқ павилони, “Оталар чойхонаси” ишлаб турибди. Болажонлар учун алоҳида ўйин майдончаси ҳам бор. Айниқса, гузарда банк шохобчаси қурилиб, фойдаланишга топширилгани аҳолиузоғини яқин қилди.

Бу йил ҳам маҳаллада яна 160 та намунали лойиҳадаги уй-жой қад ростламоқда. Уларнинг кўпчилигида ҳозир пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Демак, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида яна бир неча оила “ҳовли тўйи”ни ўтказади.

“Туркистон-пресс”