2016-08-05 14:00:00

БАЙРАМДА ЯНГИ БИНОЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Мустақиллик байрами арафасида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ромитан туманлараро судининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда суд тизимида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, умумий юридикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил қилингани ишларни малакали кўриб чиққан ҳолда, инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани таъкидланди.

Соҳанинг моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани эса мазкур органлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш керак, жиноят ишлари бўйича Ромитан ва Ғиждувон туманлари судлари ҳам янги қурилган замонавий биноларга кўчиб ўтди. Ушбу биноларда суд ижрочилари ҳудудий бўлимлари ҳам фаолият олиб боради. Бу эса суд қарорлари ижросини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради ҳамда иш фаолиятининг самарали бўлишини таъминлайди.

“Туркистон-пресс”