2016-08-12 14:26:00

ҲАВАСКОР СПОРТЧИ ҚИЗЛАР МУСОБАҚАСИ

Республика ихтисослаштирилган сув спорти саройида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, сузиш федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Халқаро ёшлар куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан 11-14 ёшли ўсмир қизлар ўртасида сузиш бўйича мусобақасини ташкил этди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёллар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш, уларнинг спорт билан оммавий тарзда шуғулланишларини таъминлаш, айниқса, ёш қизларни спорт билан оммавий шуғулланишларига эришиш, спорт соҳасидаги мураббий аёллар билан ишлашни кучайтириш, спортчи талаба қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янги босқичга кўтариш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиққани ҳам эътирофга муносиб ишлардан, десак бўлади.

Ўтказилган мазкур мусобақада Тошкент шаҳрининг барча туманларидан 110 нафар 11-14 ёшли ҳаваскор спортчи қизлар иштирок этишди. Мусобақанинг асосий мақсади — маҳаллаларда спорт тоифаларига эга бўлмаган ҳаваскор қизлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмонан бақувват, маънан баркамол бўлишларига ёрдам беришдан иборат.

Маълумки, сузишинсоннинг умуртқа поғонаси билан боғлиқ жиддий муаммоларни ҳал этиш имконини беради, қоматнинг янада чиройли бўлишига ёрдам беради. Инсоннинг қон томирларига ижобий таъсир кўрсатиб, ички органлар фаолиятини мустаҳкамлайди, организмда қатъий иммунитет ҳосил қилиш орқали бир қатор касалликларнинг олдини олишда кўмаклашади. Шунингдек, спортнинг мазкур тури спортчиларимизни, жумладан, сув спорти билан шуғуланувчиларни йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича махсус ишлаб чиқилган дастурга киритилган ўн беш истиқболли ва муҳим спорт турларидан биридир.

Эслатиш жоизки, жорий йилнинг 21-25 сентябрь кунлари Тошкентда юртимизда аёллар спортини оммавийлаштириш ва ривожлантириш мақсадида синхрон сузиш бўйича “Сув париси” деб номланган халқаро турнирни ўтказиш режалаштирилган. Ушбу мусобақага дунёнинг 17 мамлакатидан спортчилар ташриф буюришлари кутилмоқда. Шу билан бирга мазкур нуфузли мусобақага дунёнинг кўпгина мамлакатларидан Халқаро ва Осиё сув спорти федерациялари раҳбарларининг ҳам ташрифи кутилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган сув спорти саройида ўтказилган мусобақада эса иштирок этган барча қатнашчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”

ЎзА олган сурат