2016-08-12 14:31:00

“ЁШ ИХТИРОЧИЛАР” УЮШМАСИНИНГ ТАҚДИМОТИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши қошида ташкил этилган “Ёш ихтирочилар” уюшмасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Маҳмуд Назаров “Ёш ихтирочилар” уюшмасинининг асосий мақсади ёшларнинг замонавий техника ва технологияларга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларда ижодий тафаккур ва кашфиётчилик қобилиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларнинг илмий-техник салоҳиятини ошириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий баркамоллигини юксалтириш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида жаҳон талабларига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшишдан иборат эканлигини қайд этди.

Тадбирда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети 3-босқич талабалари, “Ёш ихтирочилар” уюшмасининг аъзолари Сирожиддин Насриддинов, Муроджон Собиров, Бекзод Тўхтамуродов, Бобур Неъматов, Алибек Жуманиязовлар ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети талабаси Саидакмал Мажидходжаев ўз ихтироларини тақдимотлар орқали намойиш этишди.

“Туркистон-пресс”