2016-08-16 17:29:00

“БИР ҚАДАМ ЙЎЛ” СПЕКТАКЛИНИНГ ТАҚДИМОТИ

Абдулҳамид Мажидий номидаги Каттақўрғон шаҳар ўзбек давлат драма театрида Ўзбекистон халқ шоири, драматург Усмон Азим қаламига мансуб “Бир қадам йўл” асари асосида саҳналаштирилган спектаклнинг кенг жамоатчилик кўриги бўлиб ўтди.

Мазкур асарда янги давр кишилари олдида турган муаммолар, эскича яшаб, эскича фикрлаган кишиларнинг ҳозирги муҳитдаги ҳолатлари, замонавий кишининг идеали масаласи, ижтимоий ўзгаришлар жараёнида қаҳрамонларнинг онги ва қалбидаги эврилишлар акс эттирилган. 

Пьесанинг номи бевосита воқеалар кечадиган хонадон бошлиғи — Отахоннинг Самарқандга бориш орзуси билан боғлиқ. Албатта, бу маъжозий маънода бўлиб, айни мана шу кўчма маъно асар воқеаларининг умумий йўналишини белгилайди. Бир умр Ўзбекистонда яшаб, табаррук ёшга етган чолнинг турмуш ташвишларидан ортиб “бир қадам”жой бўлган Самарқандга боролмагани, уч забардаст ўғилнинг қўлидан анча-мунча иш келса ҳам, отанинг бу орзуси армонга айланиб бораётгани томошабин кўз ўнгидаги лавҳаларда намоён бўлади.

Асар воқеалари тоғ ён бағридаги кичик қишлоқда кечади. Чолнинг уч ўғлидан иккитаси оилали, кенжаси ҳали уйланмаган. Шаҳардан келган ўғил —Шокирнинг шарафига зиёфатда уни йўқлаб “казо-казо”лар келишади. Бир қарашда оиланинг ҳеч қандай ташвиши йўқдек. Бироқ қаҳрамонларнинг биронтаси ўз ҳаётидан қониқмайди. Барчасининг кўнглини қандайдир армон қийнайди.

— Спектаклдаги бош ролларни талқин этган маҳоратли артистлар Тоҳир Халилов, Ўткир Очилов, Мизом Қодиров, Мўмина Абдурашидова, Дилором Эгамова, Жасур Аҳмадов, Умрзоқ Тиллаев, Қилич Ибрагимов, Азиза Маматмуродова, Нағмат Салимовнинг ижролари эътиборга лойиқ. Асарни саҳналаштирган актёр ва режиссёр Ҳабиб Абдуллаев бу томоша орқали ўз иқтидорини яна бир карра намойиш этди. Ёш рассом Алишер Ҳамдамов яратган саҳна безаклари томоша руҳига мос. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Бир қадам йўл”спектакли узоқ йиллар мазкур театр саҳнасига файз киритади, деган умиддамиз, — дейди Республика Театр ижодкорлари уюшмаси аъзоси Абдуазиз Ҳошимов.

“Туркистон-пресс”