2016-08-17 17:13:00

БАХТЛИ БОЛАЛИК ПАРВОЗИ

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг  25 йиллигига бағишлаб “ART WAY” ёшлар театр студиясининг истеъдодли актёрлари ҳамда халқаро ва республика танловлари ғолиблари томонидан жорий йилнинг 21 августига қадар (10-13-14-20-21 август кунлари)  пойтахтимиздаги йирик  “PARUS” оилавий кўнгил очар марказида “Бахтли болалик парвози” номли театрлаштирилган шоу концерт дастури намойиш этилади.

Ташкил этилган мазкур лойиҳа бошқа концерт дастурларидан ноаънанавийлиги билан фарқ қилиб, дастурда “ART WAY” ёшлар театр студиясининг ёш истъдодли актёрлари ҳамда республика вахалқаро лауреатлар севимли спектакллардан мусиқий парчалар ва қўшиқлар ижро этиб, савдо марказига ташриф буюрган пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларини байрам билан қутлайдилар.Халқаро ва республика танлови ғолиблари томонидан келган меҳмонларга маҳсус мусиқий табрик туҳфа этилади.

Шу билан бирга “PARUS” оилавий кўнгил очар марказитомонидан меҳмонлар ўртасида танлов ташкил этилиб, биринчи ўрин соҳибига турли совғалар тақдим этилади.

Лойиҳани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг  25 йиллигини муносиб нишонлаш, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига юқори байрамона кайфият улашишдир.

“Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси қошидаги “ART WAY” ёшлар театр студияси ўзбек миллий санъатини халқимиз орасида кенг тарғиб этиш, уни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш, янги истеъдод эгаларини кашф этиш мақсадида ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Театр студияси жамоаси  томонидан ҳозирги кунга қадар 7 катта спектакль, 2 катта концерт дастури,  3 та қисқа метражли фильм тайёрланиб, халқимизга тақдим этилган. 

Ҳусниддин ҒУЛОМ,

“Туркистон-пресс”