2016-08-19 17:13:00

ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ АМАЛДА

Жорий ҳафтада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, ўқитувчилар, докторантлар учун “EBSCO” компаниясининг илмий-маърифий базаларидан фойдаланиш билан таништирувчи тренинглари бўлиб ўтди.

Тадбир ахборот-кутубхона соҳаси мутахассисларини илмий таълим манбалари базалари билан таништириш, жаҳон илмий таълимий ресурсларидан мамлакатимиз ахборот-кутубхона муассасаларида самарали фойдаланишни таъминлаш каби долзарб муаммоларнинг ечимини топиш мақсадида ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасалари, Фанлар академиясининг илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари учун услубий ва мувофиқлаштирувчи марказ ҳисобланиб, 2015 йилдан бошлаб 120 та илмий-таълимий ташкилотларнинг маълумотлар базасидан жамоавий фойдаланишни ташкил этишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Тренингларда илмий-таълимий базалар ва уларда мавжуд ресурсларга бепул кириш имкониятини берувчи кўмакчилар, зарур ахборот ресурсини тезкорлик билан топиш, уларни юклаб олиш ва тўла матнда ўқиш имкониятини бериши, шунингдек, тадқиқотчилар учун мавжуд қулайликлар, етакчи илмий журналлар ва илмий тўпламлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Туркистон-пресс”