2016-08-20 16:44:00

МУСТАҚИЛЛИК ТЕНГДОШЛАРИ – ВАТАНИМИЗ ҚЎРҒОНЛАРИ!

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан курсантлар ўртасида “Мустақиллик тенгдошларимиз, она-Ватан қўрғонларимиз” деб номланган беллашув ўтказилди.

Унда сўзга чиққан Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғининг 1-ўринбосари, полковник Ўлмас Музаффаров ва бошқалар мустақиллик йилларида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилгани, бугунги кунда замонавий ахборот технологияларидан яхши хабардор, ҳар томонлама етук, жисмонан бақувват ходимлар Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлашди.

Беллашув “Таништириш”, “Мустақиллик солномаси”га доир тезкор савол-жавоб, “Саҳнада кроссворд ечиш”, “Сардорлар беллашуви” (тест синови), “Актёрлик маҳорати” каби номинацияларда ўтказилди.

Мусобақанинг ғолиб жамоаси ва фаол иштирок этган курсантлар олий мактаб бошлиғининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Тадбирда вазирлик ҳузуридаги ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг дилрабо куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”.

Муаллиф олган сурат