2016-08-25 13:55:00

БАНКЛАР ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимиз ёшларининг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 312,5 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Унинг 138,7 миллиард сўми ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.

Шунингдек, банклар томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун талабаларга 31,6 миллиард сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди.

Шу йилнинг январь-июнь ойларида тижорат банкларининг 127,8 миллиард сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга, 32,2 миллиард сўм истеъмол кредитлари олишга йўналтирилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йилда ёш оилаларга ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 1,8 баробар, истеъмол кредитлари 1,2 баробар, микрокредитлар 2,3 баробар, таълим кредитлари 3,5 баробар ҳамда ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларга 1,5 баробарга ўсган.

Ҳозирги пайтда ёшларни бизнес режалари ва турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилган имтиёзли кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръатларини 2016 йилда ҳам сақлаб қолиш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизда 44 та “Камолот” уйлари қурилишини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан 121,6 миллиард сўм миқдорида кредит линиялари очилган.

Бу рақамлар мамлакатимиз банк тизими томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”да белгиланган чораларнинг сифатли ижро этилаётгани далилидир.

“Туркистон-пресс”