2016-08-27 12:55:00

“АҲМАД ФАРҒОНИЙ” СПЕКТАКЛИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Фарғона вилояти мусиқали драма театрининг пойтахтимизга ижодий сафари ташкил этилди. Унинг доирасида Ўзбек Миллий академик драма театрида Фарғона театри ижодкорларининг “Аҳмад Фарғоний” спектакли намойиш этилди.

“Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори ўринбосари Б.Усмонов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов, Ўзбекистон халқ артистлари Ё.Аҳмедов, Р.Иброҳимова, адабиётшунос олим Ш.Ризаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда театр санъати равнақи учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан мамлакатимиз театр жамоаларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, ёш актёрлар маҳоратини ошириш мақсадида жамоаларнинг турли вилоятларга сафари, ҳамкорликда спектакль қўйишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилояти мусиқали драма театрида Сайдали Одилов асари асосида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, режиссёр Марат Азимов томонидан “Аҳмад Фарғоний” тарихий драмасининг саҳнага қўйилгани ана шу ижодий мулоқотнинг амалдаги ифодасидир.

— Жамоамиз истиқлолимизнинг 25 йиллигига бағишлаб “Аҳмад Фарғоний” спектаклини тайёрлагани театр мухлислари учун ўзига хос туҳфадир, — дейди Фарғона вилояти мусиқали драма театри директори Таваккал Султонов.  — Ушбу спектакль улуғ бобокалонимиз, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилиши билан бирга томошабинларни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, юртга содиқлик, фидойилик руҳида камолга етказишда катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Спектаклни тайёрлашда адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев адабий маслаҳатчи сифатида кўмаклашди. Аҳмад Фарғоний ролини Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ижро этмоқда. Либослар муаллифи —моҳир дизайнер Севара Зуннунова. Ролларни Кимсанбой Собиров, Адҳам Акромов, Шокир Муродов, Азиз Темиров, Комила Валиева ва бошқа актёрлар ижро этмоқда. 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Т.Мамадаминов (ЎзА) олган сурат.