2016-08-27 12:58:00

ҚЎШИҚЛАРДА МУҚАДДАС ВАТАН МАДҲИ

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови жонажон Ўзбекистонимизни мадҳ этиш, истиқлол, мустақиллик инъом этган азиз неъматлар, тинчлик ва осойишталигимизни улуғлашда, қадрига етишга ундашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган ушбу танлов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтказилди.

Бу йилги кўрик-танлов ҳам халқимизга табаррук диёримизни, бахтиёр ҳаётимизни, мусаффо осмонимиз, тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги эзгу интилишларни мадҳ этувчи янги-янги қўшиқларни тақдим этди.

Танловда асарларнинг бадиий матни, мусиқасининг ўзига хослиги, қўшиқнинг мукаммаллиги, хонандаларнинг ижро маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.

Биринчи ўрин Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовга “Қардошим” қўшиғи учун (И.Мирзаалиев шеъри, Н.Муҳаммединов мусиқаси) берилди. Иккинчи ўринга хонанда Машҳурбек Райимжонов “Унутма” қўшиғи учун (И.Мирзаалиев шеъри, Б.Лутфуллаев мусиқаси) ҳамда Самарқанд давлат университетининг “Гулдаста” хор жамоаси “Ватан зикри” қўшиғи учун (Ж.Сирожиддин шеъри, Ж.Козимов мусиқаси) сазовор бўлди. Хонанда Дилсўзхон Зоҳидова ижросидаги “Шукрона” қўшиғи (Ф.Худойқулова шеъри, Х.Ҳасанова мусиқаси) ҳамда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси Ботир Ҳожиев ижросидаги “Юрт посбонлари” қўшиғи (М.Усмонова шеъри, А.Маллабоев мусиқаси) учинчи ўринга лойиқ кўрилди. 

ЎзА