2016-09-02 17:55:00

ХАЛҚИМИЗ БУНЁДКОРЛИК САЛОҲИЯТИНИНГ НАМОЙИШИ

Истиқлол йилларида юртимиз бўйлаб барча соҳаларда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Айниқса, сўнги йилларда мамалакатимизда мустақилликнинг илк йилларида транспорт ва қурилиш саноатида бошланган улкан бунёдкорлик ишлари жадаллик билан давом эттирилиб, янги саноат корхоналари, таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий уй-жойлар барпо этилаётгани натижасида шаҳару қишлоқларимизнинг кўркига кўрк қўшилиб, аҳолимиз турмуш шароити кескин яхшиланиб бормоқда.

Ана шундай бунёдкорлик ишлари жорий йилда ҳам қизғин давом эттирилиб, барпо этилган иншоотлар Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилгани халқимиз учун энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа бўлди.

Жорий йилнинг 25 август куни юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг навбатдаги “Тошкент — Бухоро” йўналишидаги илк қатнови амалга оширилди.

Яқин-яқингача йўловчилар ушбу йўналиш бўйлаб 600 километрдан ортиқ масофага темир йўл орқали 7-8 соатда етиб боришган бўлса, эндиликда замонавий поездларда 3 соату 20 дақиқа вақт давомида ўз манзилига етиб олиш имкониятига эга бўлди.

2015 йилнинг апрель ойида бошлаб юборилган “Самарқанд — Бухоро” йўналишидаги мавжуд линия йўлларини реконструкция қилиш, янги пўлат изларни ётқизиш ҳамда электрлаштириш ишлари натижасида узунлиги 259 километрдан иборат бўлган темир йўл қуриб битказилди.

Қисқагина 16 ой муддат ичида қуриб битказилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 400 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Лойиҳа доирасида 16,2 миллион кубметр тупроқ ишлари, шунингдек, “Мароқанд-Навоий” участкасида 146 километрлик ер кўтариш ишлари бажарилди.

Минг нафардан ортиқ ишчи, темирйўлчи ҳамда мутахассисларнинг қизғин  меҳнати натижасида Навоийдан Бухорогача бўлган масофада мавжуд пўлат излар тўлиқ реконструкция қилиниб, ушбу йўналишда жами 222 та сунъий иншоот, шу жумладан, 1 та пиёдалар ўтиш йўлаги, 4 та йўл ўтказгич ҳамда 4 та кўприк қуриб битказилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда поездларни электр қуввати билан таъминлаб берувчи 4 та электр тортиш станциялари тикланиб, энг замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди.

Магистралнинг икки томонига деярли 500 километрдан зиёд масофага металл тўсиқлар ўрнатилди. Мазкур қурилишга 220 яқин замонавий техника жалб этилди.

Каттақўрғон шаҳрида эса бир йўла юз нафар йўловчига бугунги кун талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган замонавий вокзал биноси қад ростлади.

Лойиҳада кўзда тутилган режа бўйича Бухоро вокзали тубдан реконструкция қилиниб, эски вокзал ўрнида бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган халқаро стандартларга мос муҳташам вокзал биноси қайта қад ростлади.

Мутахассисларнинг изоҳлашича, мазкур лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида темир йўл участкасининг ўтказиш имконияти 36 фоизга ошиб, эксплуатация харажатлари яна шунчага камайди. Шунингдек, ушбу йўналишда 200 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

***

Жорий йил 27 август куни яна бир қувончли воқеа — “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли орқали йўловчи поезди Тошкентдан Андижонга илк қатновини амалга оширди.

Президентимиз Ислом Каримов 2013 йил 26 апрель куни халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида “Ангрен — Поп” йўналишида электрлаштирилган темир йўл қурилиши режалаштирилгани ва бу йўлнинг қурилиши 2016 йилда битказилиб, поездлар қатнови йўлга қўйилишини таъкидлаган эди.

Ана шу эзгу ният ва қатъий режа натижасида қисқа вақтда 123,1 километрлик “Ангрен — Поп” темир йўли ва унинг таркибида 19,2 километрлик Қамчиқ туннели ўз вақтида қуриб битказилди.

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик лойиҳаси ижроси бўлган “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими 2016 йил 22 июнь куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Ушбу улкан стратегиква иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда яхлит, мустақил ва замонавий темир йўл тизими яратилиб, юртимизнинг коммуникация ва транспорт соҳасида эришган тараққиёти даражасини яққол кўрсатди.

Мазкур йўл нафақат Фарғона водийси вилоятларига поездда юк ва йўловчи ташиш имконини бериши билан аҳамиятли, балки, Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилиш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, юртимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади.

                             ***

Юртимиз жамоли кундан кун очилиб, аҳолимиз ҳаёт даражаси кескин ошиши ҳамда шахсий даромадлари муттасил ошиб бораётгани натижасида автомобиллар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шунга монанд тарзда юртимизда йўл-коммуникация тармоқлари ҳам узлуксиз тарзда ривожлантирилиб, янги йўллар қурилмоқда, мавжудлари қайта таъмирланиб, кенгайтирилмоқда. Бу жараён, айниқса, пойтахтимиз Тошкентда қизғин амалга оширилмоқда.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, бир неча лойиҳалар юртимиз мустақиллиги арафасида фойдаланишга топширилиб, аҳолимиз қувончига қувонч улашилди.

Хусусан, Нурафшон кўчаси Оқтепа майдонигача 4 километр узайтирилиб, Муқимий кўчасига уланди. Муқимий, Усмон Носир ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида янги замонавий кўприк қад ростлади. Ушбу чорраҳадан бошланган берк кўчанинг иккинчи томони эса Бобур кўчасига уланди. Натижада пойтахтимизда яна бир айланма йўл барпо этилди.

Юртбошимиз ташаббуси билан бу ерда эни 19 метр, узунлиги қарийб 1 километрни ташкил этадиган замонавий кўприк бунёд этилди. Муқимий кўчасининг ҳар бир йўналиши эса беш тасмали қилиб кенгайтирилди.

Янги кўприкнинг ишга туширилиши билан нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилди, балки бу қулайлик Бунёдкор, Чилонзор, Чўпонота, Қушбеги, Бобур кўчаларидаги қатновга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Шунингдек, кўприкнинг ёнида пиёдалар учун қарийб 90 метрлик битта, Оқтепа майдонида 48 ҳамда 60 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилди.

Бу борадаги бунёдкорлик ишлари Тараққиёт кўчасида ҳам амалга оширилди. Унинг Паҳлавон Маҳмуд ва Мирзо Улуғбек кўчалари билан туташган жойидан Оҳангарон кўчасигача бўлган масофага Тошкент механика заводи ҳудуди орқали 3 километр янги йўл қурилди ҳамда Тараққиёт кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли чорраҳасидаги кўприк реконструкция қилинди.

Бу каби Ватанимиз ободлиги, халқимиз ҳаёт даражасининг янада ошишига хизмат қилувчи бунёдкорлик ва ободончилик ишларининг адоғи йўқ.

Буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қисқа фурсат ичида амалга оширилган оқилона сиёсат ҳамда халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намойишидир.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири