2016-09-06 17:17:00

ВАТАНГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ — ОЛИЙ САОДАТ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли олий таълим муассасаларида 1-курс тингловчиларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Бу каби тадбирларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчиларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник А.Мирзаев, академия бошлиғи, генерал-майор Ш.Икромов ва бошқалар мамлакатимизда ҳукмрон тинчлик-осойишталик, барқарорлининг аҳамияти, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этиб, бунда тизимга ёш ва салоҳиятли кадрларни етказиб бериш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлашди.

Тошкент олий ҳарбий-техник мактабида бўлиб ўтган тадбирда ҳам бу жиҳатлар тилга олинди.

Бу ерда 1-курс тингловчиларининг ота-оналари номидан Марҳабо Халилова сўзга чиқиб, ватанимиз хавфсизлигини, халқимиз хотиржамлигини ҳимоя қилишдек шарафли касбни танлаган жасур йигит-қизларга келгусида омад тилади.

Ватанга садоқат билан хизмат қилиш бўйича қасамёд қабул қилиш маросими Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ҳам катта тантана билан ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур муассасанинг ички ишлар идоралари учун малакали мутахассислар етиштириб беришдаги салоҳияти катта.

Айни дамда ушбу Олий мактабда 9 та кафедра, илмий текшириш маркази, 6 та бўлим ва хизматлар, шунингдек, ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда.

— Мактабимизда ёш кадрларнинг замонавий билим олиб, етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун барча шароитлар яратилган, — деди Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғи, генерал-майор А.Қўлдошев.

Тантанали тадбирлардан сўнг курсантлар ўзлари танлаган соҳа бўйича мукаммал билим эгаллаб, мустақил юртимизни муносиб ҳимоя қилиш йўлида пухта тайёргарлик кўриш машғулотларига киришдилар.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”

Муаллиф олган суратлар