2016-09-06 17:20:00

“ЎЗМИЛЛИЙБАНК”: ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ САРИ ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятини бошлаганига жорий йил 7 сентябрь куни 25 йил бўлди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1991 йил 7 сентябрдаги фармонига асосан ташкил этилган мазкур молия муассасаси ўтган давр мобайнида халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасида мустақил сиёсатни рўёбга чиқариш, ташқи иқтисодий фаолиятга хизмат кўрсатишни таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, республиканинг валюта маблағларини жамлаш, улардан мақсадли фойдаланиш каби қатор вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятининг дастлабки йилларида дунёнинг 80 дан зиёд нуфузли молия муассасалари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бўлса, бугун уларнинг сони қарийб 700 га яқинлашган.

Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Япопия халқаро ҳамкорлик банки, Германиянинг KfW банки, Ислом тараққиёт банки, ОПЕК фонди, Кореянинг Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки ва Эскимбанки каби бир қатор нуфузли хорижий молия ташкилотлари шулар сирасига киради.

Шу тариқа фаолият географиясини МДҲ, Ғарбий ва Шарқий Европа, Австралия, Америка, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатларига қадар кенгайтирган Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки хорижлик инвесторларни мамлакатимиз инвестиция бозорига жалб қилишда етакчилик қилиб келади. Банк томонидан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик доирасида 1991-2016 йилларда қарийб 7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестициялар ва кредит линиялари жалб қилингани ҳам фикримиз тасдиғидир. Бунда, албатта, мамлакатимиз банк тизими ислоҳотлари муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 100 га яқин бўлим ҳамда филиаллари, 35 та минибанклари республикамиз аҳолисига, тадбиркорлар ва ишбилармонларга тезкор, сифатли, қулай, энг муҳими ишончли хизмат кўрсатиб келади.

Тараққиёт янги ютуқлар гаровидир. Шу маънода айтиш жоизки, тизимга замонавий ахборот технологияларининг кенг жалб этилиши, улардан яхши хабардор мутахассисларнинг хизмат кўрсатиши мижозларга янада кўпроқ қулайлик ва имкониятлар яратмоқда.

Бу жиҳатлар банк-молия ҳисоботларининг, турли банк операцияларининг масофавий амалга оширилиши, электрон имзо ҳамда мижозларнинг электрон мурожаатлари йўлга қўйилгани, он-лайн тизимда ишлайдиган банк пластик карточкаларининг муомалага чиқарилгани каби замонавий ва халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш тизимида ҳам кўзга ташланади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятининг стратегик йўналишлари иқтисодиётнинг юксак технологияларга асосланган тармоқларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб турган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори самарали янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этиш чора-тадбирларини молиялаштириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашё ресурсларидан фойдаланиш, уларни қайта ишлашга асосланган, импорт қилинаётган истеъмол моллари ўрнини босувчи ишлаб чиқаришларни барпо этиш ҳамда ривожлантиришдан иборат.

Булардан биргина кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишига тўхталадиган бўлсак, салмоқли натижаларга гувоҳ бўламиз.

Шу ўринда алоҳида эътироф этиш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинади. Бунда соҳага доир қабул қилинган фармон ва қарорлар муҳим дастуриламал бўлмоқда. Пировардида, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалиб, тараққий этиб бораяпти.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг фаолияти ҳам бу каби ислоҳотларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур Жамғарма томонидан маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш мақсадида 1 минг 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатилган. Натижада умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланиб, улар доирасида 379 тадбиркор 643 миллион АҚШ долларилик экспортни амалга оширган. 

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг кичик бизнесни ривожлантириш дастури доирасида хорижий банклар ва молия муассасаларининг ҳамда ўз маблағларини ўзлаштириш ҳисобига лойиҳаларни кўриб чиқиш, уларни молиялаштиришга доир фаолияти ҳам эътиборга молик.

Жумладан, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш учун банк томонидан 2015 йилда 1,8 тириллион сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилнинг I ярим йиллигида 1,3 тириллион сўмдан ортиқ кредитлар йўналтирилди. Бунинг натижасида 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашда халқаро молиявий ташкилотларининг маблағларини жалб этиш ҳам синалган усулдир. Шу боис, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан 2016 йил 29 июнда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш лойиҳаси доирасида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб этиш бўйича бош келишув имзоланди. Бу маблағлар мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

Банк томонидан қишлоқ ва сув хўжалигида ирригация тизимларини модернизация қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қайта молиялаштирилган Хитой Эксимбанкининг 34,5 миллион АҚШ долларилик кредит маблағлари ҳисобидан Андижон, Навоий ва Наманган вилоятларидаги 8 та йирик насос станцияларида қайта таъмирлаш ишлари бажарилди. Ушбу насос станцияларни замонавий электр тежовчи насос агрегатлар билан таъмирлаш ҳисобига 50 минг гектар ер майдонига сув етказиш режалаштирилган. Ҳозирда бу каби яна бир нечта янги лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлар бошлаб юборилган.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мамлакатимиздаги энг йирик инвестиция банки ҳисобланади. Шу боис, молия муассасасининг инвестиция ва кредитлаш фаолияти асосан энергетика, нефть-газ, машинасозлик, рангли ва қора металлургия, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик саноатлари, алоқа, транспорт, туризм инфраструктураси, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни ривожлантиришга қаратилган.

Бугунги кунда банкнинг ўз маблағлари ҳамда бир қатор хорижий банкларнинг кредитлари ҳисобидан мамлакатимиздаги кўплаб стратегик муҳим объектлар қурилиши ва янгиланиши бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу ўринда инновация ва иқтисодиётнинг стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасида банк томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиш жоиз. Бунда фахр қилса арзигулик натижаларга эришилган.

Қайд этиш жоизки, нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида эътироф этилган йирик лойиҳаларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ўз кредит маблағлари билан фаол ҳисса қўшди.

Булар Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини ишга тушириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида сиқилган газ ишлаб чиқаришни кенгайтиш учун пропан-бутан ускунасини қуриш, “Ўзбекнефтьгаз” миллий холдинг компанияси корхоналарини бурғулаш ускуналари билан таъминлаш ва яна бир жуда йирик лойиҳа “Ангрен-Поп” йўналиши бўйича электрлашган темир йўл линиясининг ишга туширилишида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва унинг хорижий ҳамкорлари ўз кредит маблағлари билан иштирок этди. Бундай самарали фаолият изчил давом эттирилмоқда.

Албатта, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида қўлга киритилаётган бу каби юксак натижалар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, “Moody’s Investors Service” ҳамда “Standard&Poor’s” нуфузли халқаро молия институтлари мазкур банк фаолиятини юқори баҳолайди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги томонидан банкка “барқарор” рейтинг прогнози берилди. 

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фаолияти бугунги ислоҳотларимиз, халқимиз турмуши фаровонлиги, иқтисодиётимиз юксалиши йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларимизга ҳамоҳанг тараққий топмоқда.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири