2016-09-08 00:04:00

“ЎЗСАНОАТҚУРИЛИШБАНК” ХИЗМАТ ТУРЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИБ БОРМОҚДА

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби банк-молия тизимида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Натижада банклар мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш орқали молиявий хизмат турларини кенгайтириб бораяпти. Мана шундай етакчи банклардан бири  “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБдир.

Ушбу банк молия бозорида ўз обрўсига эга бўлиб, “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилига амал қилган ҳолда бир миллиондан кўпроқ юридик ва жисмоний шахсларга барча турдаги банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Банк ўзининг устувор вазифаси сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қувватлашга йўналтирилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилнинг I ярим йиллигида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 2096 та кичик бизнес вакилларига 571 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ўсиши таъминланди. Жумладан, 1385 нафар тадбиркорларга берилган микрокредитлар ҳажми 58 миллиард сўмни ташкил қилиб, 32 фоизга кўпайди.

— Корхонамизни ташкил этганимиздан буён “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Амалиёт бошқармаси мижози ҳисобланамиз, — дейди “MIR SKAZOK” хусусий корхонаси директори ўринбосари Отабек Тоҳиров. —Ўз фаолиятимиз давомида доимий равишда банкнинг кредит маблағларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Ишлаётган ҳудудимиз аҳолиси эҳтиёжини қондириш учун қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Амалиёт бошқармаси томонидан ажратилган кредит эвазига Хитой давлатидан янги технологиялар сотиб олинди. Натижада бугунги кунда 50 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқариб келинмоқда. Бу кўрсаткични йилнинг охиригача 60 тага етказишни режалаштирганмиз.

Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни ҳаётимизда рўй бераётган беқиёс ўзгаришлар, ҳудудларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларида ҳам кўришимиз мумкин. Шаҳару қишлоқларимизда қад ростлаётган замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, кенг ва равон йўллар, кўприклар ҳамда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойлар ҳудудлар кўркига кўрк қўшиш баробарида, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Айтиш жоизки, аҳолининг реал даромадлари йилдан-йилга ошиб бориши натижасида ўз-ўзидан сифатли уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. Бу эса турар-жой инфратузилмасини тубдан ривожлантириш заруриятини юзага келтираяпти. Шу боис, юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мазкур жараёнда мамлакатимиз тижорат банкларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан сўнгги уч йил ичида юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган кўп қаватли тураржой объектлари қурилишини молиялаштиришга 221 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлар йўналтирилди. Натижада 43 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 1 047 нафарга яқин оилага янги хонадонларнинг калитлари топширилди.

Жорий йилда банк томонидан 700 оилага 71,3 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Жумладан, янги қуриб битказилган уйларда кўп хонали квартираларни харид қилиш учун 154 ёш оилага 22,3 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Айни пайтда банк томонидан яна 37 та кўп қаватли турар-жой биноларининг қурилиши жадал давом эттирилмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган дастурли ишлар самарасида аҳолининг турмуш даражаси, ҳаёт тарзи ҳамда яшаш шароити кундан-кунга юксалиб бормоқда.

Нодира РЎЗИЕВА,

“Туркистон-пресс”