2016-09-10 14:30:00

ЯНГИ СПОРТ ЗАЛИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 211-умумтаълим мактабида янги спорт зали фойдаланишга топширилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борада Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда Жамғарма маблағлари ҳисобидан қурилиб, замонавий спорт инвентарлари билан таъминланган янги спорт мажмуаларида спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизлар ҳар томонлама соғлом камол топмоқда.

2003-2015 йиллар мобайнида ўқувчи-ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишга жалб этиш, шунингдек, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳрида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 119 та спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу жараён жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Жумладан, 211-умумтаълим мактабининг янги спорт зали ҳам мазкур Жамғарма маблағи ҳисобидан бунёд этилди.

Барча қулайликларга эга янги спорт зали мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 34 хил турдаги спорт инвентарлари билан таъминланган. Бунинг учун 1 миллиард 160 миллион сўмлик маблағ йўналтирилди.

— Ўқувчиларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун бу каби замонавий спорт залининг қурилгани айни муддао бўлди, — дейди мактаб директори Зулфия Галмуддинова. — Эндиликда ўғил-қизларимиз бу ерда спортга ошно бўлиб, баркамол вояга етадилар. Бу ишда жонбозлик кўрсатган барча ташкилотларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Муаттар РЎЗИБОЕВА,

“Туркистон-пресс”