2016-09-14 21:07:00

СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ўзбекистан Республикаси Солиқ кодекининг 362-моддасига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, шу йўналишда иш олиб борувчи илмий-тадқиқот муассасаларининг тажриба-экспериментал хўжаликлари ва таълим муассасаларининг ўқув-тажриба хўжаликлариягона ер солиғи тўловчилар ҳисобланади.

Агар юқоридаги модданинг учинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва етиштирган маҳсулотни ўзида қайта ишлаш ёхуд ердан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар, қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан белгиланган тартибда берилган ерга эга юридик шахслар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши, реализация қилишни ўз ичига олувчи қайта ишлашнинг умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этадиган юридик шахслар қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар жумласига киради. Ушбу модда 2-қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шартларга жавоб берадиган (янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар) давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ягона ер солиғини тўловчилар ҳисобланади.

Ўрмон ва овчилик хўжаликлари, юридик шахс мақомини ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларига ягона ер солиғини тўловчилар сифатида қаралмайди.

Агар ўтган солиқ даври якунлари бўйича ягона ер солиғини тўловчи ушбу кодекснинг 362-моддаси 2-қисмида белгиланган шартларга жавоб бера олмаса, солиқ тўловчи жорий солиқ даврининг бошидан умум белгиланган солиқларни ёки ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши керак.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига кирадиган солиқ тўловчи ушбу кодекснинг 362-моддаси иккинчи қисмида белгиланган шартларга жавоб бера олмаса, кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органига солиқ солиш тартибини танлаш тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши лозим. Солиқ тўловчининг ёзма билдиришни белгиланган муддатда тақдим этмаслиги унинг умум белгиланган солиқларни тўлашга розилиги деб қабул қилинади.

Умум белгиланган солиқларни ёки ягона солиқни тўлашга ўтган ягона ер солиғини тўловчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ фақат навбатдаги солиқ даври бошидан яна ягона ер солиғини тўлашга ўтишга ҳақлидир.

Ушбу кодекс 362-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган шартларга жавоб бера оладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг тажриба-экспериментал хўжаликлари, таълим муассасаларининг ўқув-тажриба хўжаликлари фаолиятнинг ягона ер солиғини тўлаш татбиқ этиладиган қисми бўйича солиқ солишнинг бошқача тартибини танлаш ҳуқуқига эга эмас.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларини амалга оширишда ягона ер солиғи тўловчи мазкур фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ягона солиқ тўловини ёки ушбу кодекснинг 58-бобига мувофиқ қатъий белгиланган солиқ тўланиши назарда тутилган фаолият доирасида қатъий белгиланган солиқни тўлаши шарт. Ягона ер солиғини тўловчилар учун ушбу кодекснинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадларга солиқ солинмайди (дивидендлар, фоизлар ҳамда биргаликдаги фаолиятдан олинган даромадлар бундан мустасно). Биргаликдаги фаолиятдан олинадиган даромадларга ягона ер солиғи тўловчида дивидендларга солиқ солиш учун белгиланган ставкалар бўйича солиқ солинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2016 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўлов ставкалари белгилаб берилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ягона ер солиғи мазкур қарорнинг 21-иловасига асосан тасдиқланган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ерларнинг норматив қийматидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ягона ер солиғи 2016 йил учун ернинг норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорида белгиланган.

Шуни ҳам билиб қўйиш жоизки, йил давомида берилган ер участкалари учун ягона ер солиғи ер берилганидан кейинги ойдан бошлаб тўланади. Ер олиб қўйилган ёхуд камайтирилганда ягона ер солиғини тўлаш ер олиб қўйилган (камайтирилган) ойдан бошлаб тўхтатилади ёки камайтирилади.

Ернинг таркиби ва майдони йил давомида ўзгарган, шунингдек, ягона ер солиғи бўйича имтиёзларга бўлган ҳуқуқ вужудга келган, тўғрироғи, тугатилганда солиқ тўловчилар давлат солиқ хизматига ҳисобот йилининг 1 декабригача аниқлик киритилган ҳисоб-китобни тақдим этишлари шарт. Ягона ер солиғи жами суммасининг 30 фоизи ҳисобот йилининг 1 сентябригача, қолган қисми ўша йилнинг 1 декабригача тўланиши лозим.

Камол ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи

(“Туркистон-пресс”).