2016-09-19 16:43:00

ЎЗБЕК КИНО САНЪАТИ: КЕЧА ВА БУГУН

Ёшлар ижод саройида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Камолот”да меҳмонда” лойиҳаси “Ўзбек кино санъати: кеча ва бугун” мавзусида бўлди.

Унда таниқли киноижодкор ва киношунослар – Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Зокирова, Мирза Азизов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, актриса Наргиза Абдуллаева, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Мулоқотни ташкил этишдан асосий мақсад, экранларда ёш авлодга тааллуқли масалалар юзасидан, хусусан болалар ва ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини инобатга олган ҳолда уларнинг мустақил фикрлаши, ижтимоий масалаларини ҳал этишга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган профессионал даражадаги кинокартиналарни яратишга кўмаклашиш, киноижодкорларда бугунги кунда яратилаётган фильмларга нисбатан ижтимоий масъулиятни оширишдан иборат.

Мазкур тадбир “Кино ва ёшлар” республика форуми олдидан мустақиллик йилларида ўзбек кино санъатидаги ўзгаришлар, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ёшларни хабардор қилиш, шунингдек, бугунги фильмларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрнини атрофлича муҳокама қилишга бағишланди.

Онлайн мулоқот давомида республиканинг барча ҳудудларидан интернет тармоқлари орқали 500 дан ортиқ савол келиб тушиб, меҳмонлар томонидан уларга тегишли жавоб берилди.

Мулоқотда ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонуний меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари етакчилари фаолиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган бадиий фильм яратиш, кино санъатини янада ривожлантириш ҳамда ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилди.

Хуршиджон Қодиров,

“Туркистон-пресс” мухбири