2016-09-20 19:01:00

2016 ЙИЛ УЧУН МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ СТАВКАЛАРИ

Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи маҳаллий солиқлар таркибидаги асосий солиқ турини ташкил этади. Бугунги кунда ушбу солиқнинг қандай ҳисобланиши, нимага асосан тўланиши ҳақида юртдошларимизга батафсил маълумот беришни мақсадга мувофиқ, деб топдик.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272-моддасига асосан ихтиёрида солиқ солинадиган мол-мулки мавжуд бўлган жисмоний шахслар, шунингдек, юридик шахс мақомини олган ёки деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг тўловчилари саналади. Агар кўчмас мулк эгаси жойлашган жойни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу мулк қайси шахснинг эгалигида ёки фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчи ҳисобланади.Ушбу кодекснинг 273-моддасига мувофиқ республика ҳудудидаги уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовлилар, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар эса солиқ солиш объекти бўлади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқиш мазкур кодекснинг 277-моддасига асосан солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади. Мазкур орган солиққа тортиладиган объект жойлашган жойдаги давлат солиқ хизматига ҳар йилнинг 1 февралигача объектнинг 1 январгача бўлган инвентаризация қийматини (унинг мулкдорини) кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади.

Қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 276-моддасида жисмоний шахслар солиқ солиш объектларидан тадбиркорлик фаолияти йўлида фойдаланса ёхуд бу объектларни юридик шахсга (якка тартибдаги тадбиркор)га ижарага берса, шунингдек, жисмоний шахсларнинг тасарруфида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланиши белгиланган.

Жисмоний шахс ёки оилавий корхонатурар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) мақсадида фойдаланганда мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

Шу билан бирга, мазкур кодекснинг 275-моддасида айрим тоифадаги фуқароларга ушбу солиқ бўйича имтиёзлар кўзда тутилган. Солиқ кодексининг мазкур моддасида кўрсатилган имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлганлар имтиёзлар олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни жойлардаги давлат солиқ органларига мустақил равишда тақдим этишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори билан солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди ҳамда солиқ ставкалари тасдиқланди. Хусусан, 2016 йилнинг 1 январидан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, лекин 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан бошлаб ҳисоблаш тартиби жорий қилинди. Ушбу қарорга асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланди.

2016 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,6 - 1,8 фоиз, майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,2 - 2,5 фоизга оширилди. Бундан ташқари, 2016 йил 1 январдан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 1,8 фоиз миқдорида белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати бўлмаганда солиқ Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида 20 миллион 328 минг сўм, бошқа шаҳарлар ҳамда қишлоқ жойларда 8 миллион 833 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган (янги қурилган) турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ эса мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб, икки баравар миқдорида ундирилади. Жисмоний шахсларга ҳисобланган мол-мулк солиғи улар томонидан ҳар йилнинг 15 октябрига қадар тўланиши лозим.

 

Улуғбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат Солиқ қўмитасининг

жисмоний шахсларга

солиқ солиш бош бошқармаси

бошлиғи вазифасини бажарувчи

(Туркистон-пресс)