2016-09-21 13:56:00

ХОЛИС ХУЛОСА — ОДИЛ СУДЛОВ ГАРОВИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда суд криминалистик экспертизанинг ривожланиш истиқболлари”мавзуида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани Xадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази фаолияти, йўналишлари, янги лойиҳалар самарадорлигига бағишланди.

Унда таъкидланганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида фан-техниканинг сўнгги ютуқларидан, миллий ҳамда хорижий илғор тажрибалардан фойдаланиш одил судловнинг муҳим шарти ҳисобланиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, X.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази узоқ йиллардан буён мамлакатимизда суд экспертизаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноий ишларга ойдинлик киритишда илм-фан имкониятларидан фойдаланган ҳолда назарий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Суд экспертизасининг инсон хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда бу борадаги қонунчилик асослари ҳам такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий пойдеворини яратди, унинг асосида қабул қилинган бир неча қарорлар, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси, энг аввало, холисона тергов ҳамда одил судловни амалга оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани анжуманда алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда кейинги йилларда амалга оширилган лойиҳалар, йўлга қўйилган экспертиза йўналишлари бўйича маълумотлар ҳам тилга олинди. Масалан, республика суд экспертиза маркази дастлабки йилларда 40 та экспертиза тури бўйича фаолият олиб борган бўлса, охирги икки йил давомида улар сони яна 4 тага, мутахассислик бўйича эса мавжуд 54 та йўналиш яна 6 тага кўпайди. Хусусан, ҳозирги давр учун долзарб бўлган рақамли технологиялар, шунингдек, электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбааларни комплекс тадқиқ қилиш, ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқи қийматини баҳолаш, ташқи савдо фаолиятнинг суд-иқтисодий, суд-экологик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, суд-филологик экспертизалар каби янги турлар амалиётга жорий этилди. Марказ лабораториясида ўзбек, рус, зарур ҳолларда эса бошқа тиллардаги фонограмма ва видеоёзувлар ҳам тадқиқ қилиниши йўлга қўйилди. Ушбу услуб асосида бугунгача 150дан ортиқ экспертиза ишлари амалга оширилди.

Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилганидек, бугунги кунда экстремизм, терроризм таъсирида содир бўлаётган жиноятлар дунё давлатларини ташвишга солаётган глобал муаммолар саналади. Машъумжиноятларга ундовчи ҳолатлар асосан оммавий электрон-коммуникация воситалари орқали тарғиб қилинаяпти. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизани ўтказиш услуби ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Мазкур йўналишда эксперт тадқиқотларини амалга оширишда асосан терроризм, экстремизм ва диний адоват қўзғатиш, мамакатимизнинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига тахдид солишга қаратилган материалларни тарқатиш бўйича фактлар ўрганилади ва хулосалар берилади.

Анжуманда марказнинг турли йўналишларида фаолият юритаётган бўлим ва лабораторияларнингмутахассислари журналистларга суд экспертизаси соҳасидаэришилган ютуқлар,яратилган имкониятлар ва истиқболдаги режалари хусусида гапириб бердилар.

 

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”