2016-09-22 13:29:00

ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ МАҲСУЛОТ ВА ХИЗМАТЛАР НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА

Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази”да ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилаётган “ICTExpo – 2016” ахборот технологиялари кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев ва бошқалар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳаётга татбиқ этиш ва ривожлантириш аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви органлари ва фуқаролар ўртасида ўзаро ҳамкорликни соддалаштиришнинг муҳим омили эканини таъкидлади. Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

“ICTExpo – 2016” кўргазмаси Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида ҳам бўлиб ўтмоқда. Видеокўприк тарзида ташкил этилган кўргазмада ташриф буюрувчиларга ҳар икки кўргазма экспонатлари билан танишиш имконияти яратилган.

Кўргазмаларда мамлакатимиз ва хориждаги 150 дан ортиқ компания, вазирлик ва идоралар, банк ва муассасаларнинг юқори технологияли маҳсулот ва хизматлари намойиш этилмоқда. Бу ерда мобиль алоқа, интернет, рақамли телевидение, софтвер индустрия, дастурий таъминот бўйича энг янги ишланма ва таклифлар билан танишиш имконияти мавжуд. Кўргазмада “Электрон ҳукумат” тизимида амалга оширилган лойиҳаларнинг энг яхши намуналари, мамлакатимиз дастурий маҳсулот бозоридаги маҳсулотлар намойишига алоҳида эътибор қаратилган.

“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази экспертларининг фикрича, Давлат солиқ қўмитаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида ахборот-коммуникация технологияларини самарали ҳаётга татбиқ этиш ва ривожлантириш бўйича етакчилардан биридир.

– Солиқ бошқарувини автоматлаштириш жараёни қоғозлар ёрдамида амалга оширилган ҳужжатлар айланишидан бутунлай воз кечиш имконини берди, – дейди Давлат солиқ қўмитасининг бош давлат солиқ инспектори Акмал Ҳайдаров. – Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни талабларига кўра, “my.soliq.uz” электрон солиқ хизматлари портали яратилди. Порталда тақдим этилган давлат электрон хизматлари интерфаол ва ахборотлар хизматларига ажратилган. Ҳар бир хизмат саҳифасида солиқ органлари ходимлари, хизматларини тақдим этаётган масъул шахсларнинг боғланиш учун маълумотлари кўрсатилган бўлиб, бу фойдаланувчиларга қатор қулайликлар яратмоқда.

Давлат, банк ва хусусий сектор учун софтвер маҳсулотлари мамлакатимиз дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг стендларида кенг намойиш этилмоқда. Масалан, “Intelligent Solutions” масъулияти чекланган жамияти электрон ҳужжат айланиши бўйича “IS-Docflow”, электрон тўловлар ва биллинг бўйича “IS-Billing” маҳсулотлари, банк хизматларини масофадан туриб амалга ошириш имконини берадиган тизимларни намойиш этаётир.

– Фаолиятимиз ахборот-технологиялари соҳасида импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган, – дейди “Intelligent Solutions” масъулияти чекланган жамияти таҳлилчиси Елена Жилина. – Мамлакатимизнинг бир қанча тижорат банклари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Самарқанд автомобиль заводи ва бошқа кўплаб ташкилотлар дастурий маҳсулотларимиздан кенг фойдаланмоқда.

 “Fido-Biznes” масъулияти чекланган жамияти ҳам мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар бозорида самарали фаолият кўрсатмоқда.

– Мамлакатимизда фаолиятни автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, шу боис биз дастурий маҳсулотларимизни доимий равишда такомиллаштирмоқдамиз, – дейди “Fido-Biznes” масъулияти чекланган жамияти департамент директори Сардор Қодирхўжаев. – Бу борада Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кенг имконият яратмоқда.

Ёш дастурчилар ўз бизнес ғояларини амалга ошириши, сармоядорлар ва ҳамкорлар топиши учун барча зарур шароит яратилган. Тошкент ахборот технологиялари университети стендида намойиш этилаётган шахсий компьютер ва смартфонлар учун фойдали илова ва дастурлар, интеллектуал ўйинлар, жараёнларни автоматлаштирадиган ахборот-коммуникация технологиялари ечимлари ҳам буни яққол тасдиқлайди.

– Жамоамиз замонавий web-технологиялардан фойдаланган ҳолда “BeCreative” ёшлар телеканали лойиҳасини яратди, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университетининг 3-босқич талабаси Улуғбек Исматов. – Тажриба сифатида синалаётган телеканалнинг барча ходимлари университетимиз талабаларидир. Инглиз тилини ўрганишга кўмаклашадиган телекўрсатувлар яратишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Халқаро компаниялар ҳам кўргазмада фаол иштирок этмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг “LG CNS” компанияси “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ечимларни, Хитойнинг “ZTE” ва “Huawei Technologies” компаниялари смартфонлар ва телекоммуникация ускуналарининг замонавий турларини тақдим этган.

– Биз Ўзбекистоннинг қатор телекоммуникация компаниялари билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди “ZTE Investment” хорижий корхонаси директори Би Пенсунг. – “ICTExpo – 2016” кўргазмаси мазкур ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва янги шериклар топиш учун ажойиб имкониятдир. Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан смарт-синфлар ва лабораториялар ташкил этиш ҳамкорлигимизнинг янги йўналишларидан. Мамлакатингизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар яратмоқда.

“ICTExpo – 2016” кўргазмаси мамлакатимиз ахборот бозорини янада ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириш ҳамда янги мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади.

 

Муҳаммад Қаршибоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА