2016-09-22 17:11:00

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ВИДЕОСЕМИНАРИДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Сирдарё вилоятида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ташаббуси билан маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳамда компьютерлаштириш марказлари раҳбарлари учун очиқ маълумотларни шакллантириш бўйича видеосеминар ташкил этилди.

Семинарда очиқ маълумотлар, хусусан очиқ маълумотлар жамланмасини шакллантириш, маълумотлар паспортини тўлдириш ва уларни очиқ маълумотлар порталига жойлаштириш юзасидан иштирокчиларга билим ва кўникмалар берилди.

Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар портали давлат органларининг аҳолига маълум қилиниши мумкин бўлган ахборот-маълумотларни тақдим этувчи манба бўлиб, айни кунда тизимга вилоят ҳокимлиги фаолияти тўғрисидаги 56 турдаги маълумот жамланмалари жойлаштирилди, улардан фойдаланиш кўрсатгичи 28802 тани ташкил этади.

Мазкур маълумотларни эълон қилиб борилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини, фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини, конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин эгалламоқда.

 

 “Туркистон-пресс”