2016-09-26 16:56:00

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 24 сентябрь куни Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафари давомида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов қарорларига мувофиқ “Навоийазот” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди. Жумладан, поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуанинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Ушбу саноат объекти ишга туширилгач, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида 100 минг тонна ПВХ ва 295 минг тонна метанол ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, каустик сода ишлаб чиқариш ҳажми 71,8 минг тоннага кўпаяди. 

Шавкат Мирзиёев аммиак ва карбамид ишлаб чиқарадиган қувватларни барпо этишга қаратилган йирик инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши билан ҳам танишди. Бу ерда яратилаётган қувватлар йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи яна бир муҳим лойиҳа – замонавий энергия тежовчи технологиялар билан жиҳозланган, йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектга ташриф буюрди. Янги корхона ишга туширилгач, бу ердаги 50 йил аввал ўрнатилган эски қувватлар олиб ташланади. 

Ўзбекистон кимё саноати ва бутун иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бу лойиҳалар Япония, Швейцария, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар ва ускуналар асосида амалга оширилмоқда. 

Янги корхоналарда бир минг уч юздан ортиқ иш ўрни яратилади. Мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида янги технологиялар ва ускуналарни бошқарадиган ёш мутахассислар тайёрланмоқда. Улар хориждаги корхоналарда малака ошириб, ишлаб чиқаришни ишга туширишда иштирок этиши ва шу корхоналарда меҳнат қилиши кўзда тутилган. 

Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Навоий шаҳри бош режасининг амалга оширилиши муҳокама этилиб, кам таъминланган оилалар учун уй-жой қуриш, маиший чиқиндиларни утилизация қилиш масалалари кўриб чиқилди. 

Вилоят бўйлаб сафари чоғида Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалик ишларининг бориши билан ҳам танишди, пахта далаларини кўздан кечирди. Кармана тумани фермерлари билан суҳбатлашди. 

Навоий вилояти фаоллари билан учрашувда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги ғалла экишни самарали ташкил этиш, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ғамлаш, коммунал хизматлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шу куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қурилаётган Қандим газни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди. 

Қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган ушбу йирик инвестицион лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинган 2015-2019 йилларда таркибий ўзгартиришларни, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури ижроси доирасида Россиянинг “Лукойл" компанияси билан ҳамкорликда ҳамда Жанубий Кореянинг «Хундай Инжиниринг» ва Сингапурнинг «Энтер Инжиниринг» компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда. 

Хусусан, лойиҳанинг амалга оширилиши янги юқори технологик қувватлар ва замонавий инфратузилмани ишга тушириш ҳисобидан йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш, шу асосда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Беш ой аввал – жорий йилнинг 18 апрель куни Қандим заводи қурилиши бошланишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтган эди. Ўтган давр мобайнида салмоқли тайёргарлик ва қурилиш ишлари амалга оширилди, жумладан, объектларнинг вертикал лойиҳалаштирилиши, ташқи инфратузилмани тайёрлаш ва барпо этиш якунланди, навбатдаги қурилиш ва монтаж ишлари бажарилмоқда, ишлаб чиқариш муддати узоқ бўлган барча ускуналарга буюртмалар берилди.

Заводнинг биринчи навбатини 2018 йилда фойдаланишга топшириш, сўнг қисқа муддатларда тўлиқ қувватда ишга тушириш режалаштирилган. 

Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев "Лукойл" нефть компанияси президенти Вагит Алекперов билан учрашди. 

Шавкат Мирзиёев "Лукойл"нинг Ўзбекистон нефть-газ тармоғида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирокини қайд этиб, замонавий технологиялар жалб қилинган ҳолда Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишида олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади. 

Ўз навбатида Вагит Алекперов "Лукойл" компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғида ҳаётга татбиқ этилаётган инвестицион лойиҳалар доирасидаги барча мажбуриятларини ўз вақтида бажаришини қайд этди. 

Бугунги кунда "Лукойл" Қандим гуруҳи ва Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот истиқболли газ конларини ўзлаштириш, Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт ҳудудидаги нефть-газ участкаларига ишлов бериш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Биргаликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизининг Ўзбекистонга тегишли қисмида истиқболли углеводород конлари очилди. Компаниянинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларга киритаётган инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард доллардан ошди. 

Учрашув чоғида "Лукойл" компанияси билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди. 

ЎзА