2016-09-28 16:56:00

ЯНГИ ФИЛЬМ ПРЕМЬЕРАСИ

Юртимизда йилдан йилга кино санъатига бўлган талаб ошиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан ушбу санъат турига оид кўплаб қонунлар қабул қилиши, давлат ва хусусий киностудияларда ҳар йили ўнлаб кинофильмлар суратга олиниши бунинг яққол далилидир.

Алишер Навоий номидаги киносаройда виждони пок йигитнинг тасодифий фалокати, аёлининг ушалмас орзу ҳаваслари, хуллас, муҳаббат синови ҳақидаги “Омонат” кинокартинаси премьераси бўлиб ўтди.  

“Омонат” кинокартинаси постановкачи режиссёри Раҳим Собиров,  бош ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, “Шуҳрат” медали соҳибаси Наргиза Абдуллаева, ёш актёрлар Раҳим Ғафуров, Рушана Остоновалар ижро этишган.

—  Қарийиб бир йил мобайнида суратга олинган мазкур фильм барчага бирдек манзур бўлади, деган умиддамиз,  — дейди кинокартина директори Ш.Қодиров. – Фильмни суратга олишда иккита кинооператор ҳамжиҳатликда ишлашди. Сабаби, картина мураккаб эффектларга бой бўлди. Картинага ном қўйишда узоқ ўйладик, албатта, дунёда ҳамма нарса омонат. Шу сабабли ҳам ушбу кино “Омонат” деб номланди.

Хуршид Қодиров,

“Туркистон-пресс” мухбири