2016-10-05 15:08:00

ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР ТАНЛОВИ

Сирдарё туманидаги 10-сонли  болалар мусиқа ва санъат мактабида “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловда туманнинг 16 нафар ёш санъатсеварлари анъанавий ижрочилик,  эстрада қўшиқчилиги,  якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги,  якка ва жамоа рақси ижрочилиги каби ижро турлари бўйича баҳслашишди. Танлов иштирокчилари ўз чиқишларида она Ватанга муҳаббат, мусаффо осмон ва тинчликни тараннум этдилар.

— Иштирокчиларнинг танлов низоми бўйича пухта тайёргарлик кўрганлари тақдим этган ижролари, қўшиқ матнларининг мазмуниданоқ сезилди, — дейди  ҳакамлар ҳайъати аъзоси Зарима Файзиева. — Шу боис ҳам томошабинлар танловни ҳаяжон ва кучли қизиқиш билан кузатдилар. Жажжи истеъдодларнинг мураккаб чолғулардан наво таратиб, миллий либосларда ўзбек рақс намуналаридан ижро этишларига тасаннолар айтдилар. 

Беллашув якунида кўрик-танловнинг анъанавий ижрочилик йўналиши  бўйича “Бахт” маданият ва аҳоли дам олиш маркази қатнашчиси Д.Эгамқулов, эстрада қўшиқчилиги йўналишида “Малик” маданият ва аҳоли дам олиш маркази вакили Ж.Ортиқов, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги ҳамда якка ва жамоа рақси ижрочилиги йўналишларида “Истиқлол” маданият ва аҳоли дам олиш маркази иштирокчилари С.Исматуллаев, Д.Мирзалиевалар маҳорати ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Ғолиблар танловнинг вилоят босқичига йўлланма олдилар.

“Туркистон-пресс”