2016-10-06 15:14:00

ЯНГИ БАДИИЙ ФИЛЬМ КАТТА ЭКРАНЛАРДА

Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан Ўзбекфильм” киностудиясида 4K видео-форматда суратда олинган “Толиққан кўнгиллар ойга талпинар” номли бадиий фильмнинг кенг жамоатчилик учун премьераси Республика Киночилар уйида бўлиб ўтди.

Собир Назармуҳамедов сценарийси ҳамда режиссёрлигидасуратга олинган мазкур фильмда кексалик фасли остонасида турган Эркин, Шавкат ва Убайдулла исмли уч дўстнинг ҳаёти, уларнинг ўй-кечинмалари ҳақида ҳикоя қилинади.

Кунлардан бирида улар тоғлар бағридаги сирли масканнинг дарагини эшитиб, уни ўз кўзлари билан кўриш ниятида сафарга отланишади. Йўлда улар бир қанча ғаройиб ҳодисаларга дуч келишади, ўзига хос табиатли одамлар билан учрашиб, улар билан ҳамсуҳбат бўлишади. Анча сермашаққат ва мароқли кечган сафар натижасида улар ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўзларини қийнаган саволларга жавоб топишади.

Бадиий фильмда бош ролларни Эркин Комилов, Санъат Девонов, Муҳаммадсоли Юсупов, Карим Мирҳодиев, Бернард Назармуҳаммедов, Тоҳир Миралиев, Дилором Каримовалар ижро этишган.

Фильмни тасвирга олиш жараёнлариТошкент вилояти  Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтган. Мазкур кинокартинамазмун-моҳиятига кўра эзгуликни, самимий фазилатларни тараннум этади, томошабинни чуқур фалсафий мушоҳадага чорлайди.

 

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири