2016-10-10 15:22:00

“КИНО ВА ЁШЛАР” ФОРУМИ

Жорий йилнинг 6-8 октябрь кунлари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Кино ва ёшлар” республика форуми бўлиб ўтди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида ўтказилган мазкур тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги бадиий кенгаш аъзолари, киноижодкорлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилотлари фаоллари, санъатсевар ёшлар иштирок этди.

Форумда мамлакатимизда миллий кинематографияни ҳар томонлама ривожлантириш, бунинг учун зарур моддий ва маънавий шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Миллий кино санъатимизни ёшларнинг ички дунёси, маънавиятига ижобий таъсир этувчи омилга айлантириш бугунги кун талаби экани ҳақида сўз юритилди. Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 16 мартдаги “Кинематография соҳасида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсати ижросини тўлақонли таъминлашнинг муҳим омилларидан бири бу – экранларда ёш авлодга тааллуқли масалалар юзасидан, хусусан болалар ва ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини инобатга олган ҳолда уларнинг мустақил фикрлаши, ижтимоий масалаларини ҳал этишга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган профессионал даражадаги кинокартиналарни яратишга кўмаклашиш ҳисобланади. Бу борада соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда кинематография равнақи учун хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқиш ва киноижодкорларда бугунги кунда яратилаётган фильмларга нисбатан ижтимоий масъулиятни ошириш муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу мақсадда ташкил этилган форумда миллий кино санъатини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш, тажриба алмашишни кенг йўлга қўйиш, ёш ижодкорлар учун маҳорат сабоқлари ташкил этиш, зарур ўқув қўлланмалари ҳамда методик материаллар яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

 

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири