2013-07-16 18:28:00

ЁШ ГЕОЛОГЛАР ТАНЛОВИ

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Геолог” оромгоҳида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёш геолог — 2013” республика интеллектуал олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда республикамизда таълим соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёш авлоднинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

2008 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш геолог” республика интеллектуал олимпиадасидан кўзланган асосий мақсад ҳам ўқувчи-ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, улар онгида юртимизнинг табиий бойликлари ва бебаҳо неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш туйғуларини шакллантиришдан иборат. Олимпиадада юқори балл тўплаган ўғил-қизлар Ўзбекистон жамоаси таркибида хорижда ўтказилаётган ёш геологлар халқаро олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Бу йилги олимпиаданинг дастлабки босқичларида 20 минг нафардан ортиқ 6-9-синф ўқувчилари география, кимё, физика, ўлкашуносликка оид билимини синовдан ўтказди. Улар учун олимлар, геологлар, етакчи мутахассислар иштирокида ўқув-семинарлари, илмий-маърифий экспедициялар ташкил этилди.

Ҳакамлар хулосасига кўра, Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 267-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ҳабибулло Мақсудалиев “Ёш геолог — 2013” республика интеллектуал олимпиадасида биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

“Туркистон-пресс”