2016-10-11 15:12:00

КАМОЛОТ ҒУНЧАЛАРИ

Самарқанд шаҳридаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича “Камолот” ғунчалари” республика очиқ турнирининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлимлари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 11-12, 13-15 ёш тоифасида 30 га яқин нафосат маликалари ўз маҳоратини намойиш этди.

— Бугунги кунда спортнинг гимнастика тури қизлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ахборот хизмати ходими Моҳинур Маҳмудова. — Мусобақанинг шаҳар ва туман босқичларида 200 дан ортиқ ўқувчи-ёшларнинг қатнашгани бунинг яққол мисолидир. Узоқ ва чекка туманлардаги ёшлар ўртасида бадиий гимнастикага қизиқиш ортиб бораётгани қувонарли. Бунда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ёшларнинг ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланиши учун яратиб берилган шарт-шароитлар муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мусобақада А.Акобирова, Р.Мирсодиқова, М.Абдуғаффорова ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, турнирнинг республика босқичига йўлланма олди.

Fолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Туркистон-пресс”