2016-10-17 14:25:00

МУСОБАҚАНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

Фарғона вилоят ихтисослашган болалар ва ўсмирлар бадиий гимнастика марказида 2001-2006 йилларда туғилган қизлар ўртасида “Камолот ғунчалари” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда мусобақанинг шаҳар-туман босқичларида ғолиб бўлган 80 нафар гимнастикачи қизлар беш  ёш тоифасида ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Спортнинг ушбу нафис тури тобора оммалашиб бораётганини мусобақанинг қуйи босқичларида тўрт мингдан зиёд қизлар қатнашгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Қизғин беллашувлар якунига кўра Фарғона шаҳрилик Н.Ҳусанбоева, М.Ризаева, М.Паймонқулова, Г.Раҳмонова ва Ҳ.Рўзматовалар ўз ёш тоифаларида биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

 

“Туркистон-пресс”