2016-10-18 13:33:00

ФИФА ЖЧ-2018 ҚОИДАЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТДИ

ESPN FC сайтида хабар берилишича, ФИФА Россияда бўлиб ўтадиган 2018 йилги жаҳон чемпионатидан бошлаб тартиб-қоидаларга айрим ўзгартиришлар киритган.

Янги тартиб-қоидага кўра, жамоалар гуруҳ босқичида бир хил очко тўплаганда фэйр-плей рейтинги – сариқ ва қизил карточкалар сони эътиборга олинади. Очколар тенглиги вужудга келган вазиятда аввалгилардек биринчи навбатда киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати, иккинчи навбатда эса ўзаро учрашувлар натижасига кўра плей-офф босқичи номи аниқланади. Янги қоида мана шу икки вазият ҳам тенг бўлиб қолгандагина амал қилади.

Шунингдек, барча терма жамоалар захирасида рақами ва футболчининг исми-фамилияси ёзилмаган қўшимча дарвозабон либосига ҳам эга бўлиши керак. Захирадан учта ўйинчи алмаштирилиб бўлган вазиятларда дарвозабон жароҳат ёки қизил карточка туфайли учрашувни тарк этса, майдонда ҳаракат қилаётган футболчилардан бири ана шу кийимда дарвозани қўриқлайди.

Бундан ташқари, янги қоидага кўра энди ФИФА президенти ғолиб жамоа сардорига тақдирлаш маросимида чемпионга аталган совринни топширмайди.

“Туркистон-пресс”